Афсонавий “Шарқ Экспресси” яна йўлга чиқмоқда
Европанинг энг машҳур, энг романтик ва энг сирли поездларидан бири яна тарих саҳнасига қайтмоқда. Бир вақтлар қироллар, дипломатлар, ёзувчилар ва жосуслар сафар қилган афсонавий “Orient Express” энди ўзга қиёфада, янгича ҳашам ва руҳ билан Римдан Истанбулга йўл олади.
Бугун – 22 октябрь куни илк сафарини бошлайдиган “La Dolce Vita Orient Express” шунчаки поезд эмас, балки ҳаракатланаётган сарой, вақт бўйлаб саёҳат, кўҳна Европа нафосати ва замонавий люкс туризм уйғунлигидир.
Ҳа, 140 йиллик афсона қайта тирилмоқда... 1883 йил Париждан Константинополь, яъни бугунги Истанбул томон илк бор йўлга чиққан “Шарқ Экспресси” қисқа вақт ичида дунёдаги энг машҳур поездга айланиб, “Поездлар қироли” номини олган эди. Бу карвонда Франция президентлари, Европа қироллари, машҳур жосус Мата Хари ва детектив роман устаси Агата Кристи сафар қилган. Айнан шундай саёҳатлардан бири машҳур “Шарқ Экспрессидаги қотиллик” асарига илҳом берган. Истанбулдаги машҳур “Pera Palace Hotel” ҳам ўчмас тарихнинг ажралмас бир бўлаги.
Бу оқшом қадим афсона итальянча нафосат, “Michelin” беш юлдузли таомлар ва сокин саёҳат фалсафаси билан қайта тирилади. Поезд ичи ўтган аср 60-йиллари Италияси руҳида қимматбаҳо ёғоч, юмшоқ мато, зарҳал безак, винтаж ва замонавий дизайн уйғунлигида безатилган. Купе ва “suite” Миландаги машҳур “Dimorestudio” томонидан ишланган. Мижоз ҳар қадамда эски Европанинг бой ва романтик муҳитини ҳис этади.
Йўловчилар саёҳатни “Roma Ostiense Railway Station” ҳудудида жойлашган “Orient Express Lounge” дан бошлайди. Меҳмонлар енгил егулик ва итальян жонли мусиқаси билан қарши олинади. Шундан сўнг поезд тун бағрини ёриб, йўлга тушади.
Таркиб ичидаги ҳаёт алоҳида олам: юлдузли таом, жонли куй, нафис кечки овқат, сара ичимликлар, шинам тунги муҳит ва алоҳида ресторан. 7 квадрат метрли люкс ва 11 квадрат метрли катта суитлар. Ҳар бир хона алоҳида ювиниш жойи, ноёб мебель, қимматбаҳо ётоқ мажмуаси билан жиҳозланган.
Римдан тунда бошланадиган беш кунлик афсонавий саёҳат иштирокчилари учун илк тонг Венецияда ёришади. Бу кентда канал бўйлаб қайиқ саёҳати, Казанова йўналиши, тарихий сарой, махфий кўчалар билан танишиш мумкин. “Сув устидаги шаҳар” саёҳатчиларни бошқа асрга олиб ўтади, гўё.
3-кун сайёҳлар “Дунай дурдонаси” деб аталувчи Венгрия пойтахти Будапештда, буюк дарёнинг икки қирғоғида ястанган Буда ва Пешта текисликлари, парламент биноси кўприги, тарихий қаҳвахона ва ресторанларни томоша қилишади.
4-кун эса поезд Карпат тоғи ва Руминияни кесиб ўтади. Йўналиш бўйлаб Брашов, Синавия каби машҳур масканлар – ўрта аср қалъалари, туманли тоғ, Европа табиатининг ўта мафтункор манзарасидан баҳраманд бўлиш имкони бор.
5-кун тушдан кейинги тарихий манзил – дунё юраги Истанбул. Зеро, Европа Шарқ билан айнан шу заминда туташади. Йўловчилар Рим ва Усмонийлар мероси, яъни шарқ ва ғарб маданияти уйғунлигини ҳис қилиб, ажойиб гўзалликка ошно бўладилар.
Шу тарзда афсонавий саёҳат Истанбул гумбазлари ва гавжум кўчалари бағрида якунланади.
“La Dolce Vita Orient Express” нархи 20 000 евродан бошланади. Экспрессдаги 5 кунлик ҳаёт кўҳна қитъа тарихи, муҳаббат, сир, ҳашам, мусиқа, сокинлик ва ҳузур ичра кезиш, демак.
Рим – Истанбул оралиғида киши нафақат шаҳарлар аро, балки вақт узра ҳам саёҳат қилади.
Нодира Кайимова, ЎзА