Форум юқори савияда ташкил этилди
Бухорода информатика ва ахборот технологиялари фани ўқитувчилари учун “INFOTEACH – 2026” республика форуми юқори савияда ташкил этилди. Форум замонавий таълим тизимида рақамли технологияларни кенг жорий этиш, педагогларнинг касбий маҳоратини ошириш ҳамда ахборот-коммуникация технологиялари соҳасидаги замонавий билим ва кўникмаларни оммалаштиришга қаратилгани билан аҳамият касб этди.
Бугунги кунда таълим соҳасини рақамлаштириш, ёш авлодни IT ва дастурлаш йўналишларига қизиқтириш давлат сиёсати даражасидаги муҳим вазифалардан бирига айланган. Шу нуқтаи назардан, “INFOTEACH – 2026” форуми нафақат ўқитувчиларнинг билим ва тажрибасини бойитиш, балки таълим жараёнида инновацион ёндашувларни кенг қўллашга хизмат қилувчи муҳим мулоқот майдони бўлди.
Форумда вилоятнинг турли шаҳар ва туманларидан ташриф буюрган 400 дан ортиқ информатика фани ўқитувчилари иштирок этишди. Улар соҳадаги янгиликлар, замонавий таълим технологиялари ва рақамли платформалардан самарали фойдаланиш бўйича ўз билим ва кўникмаларини янада мустаҳкамлаш имкониятига эга бўлишди.
Тадбир давомида тажрибали менторлар, IT соҳаси мутахассислари ва илғор педагоглар томонидан қатор амалий семинар-тренинглар ташкил этилди. Уларда информатика дарсларида замонавий рақамли платформалардан самарали фойдаланиш, дастурлаш муҳитлари ва Python дастурлаш тили асослари, киберхавфсизлик, рақамли масъулият ҳамда лойиҳа асосида ўқитиш (PBL) методикаси каби долзарб мавзулар қамраб олинди.
Айниқса, амалий машғулотлар жараёнида ўқитувчилар рақамли таълим воситаларини дарс жараёнига интеграция қилиш, ўқувчиларнинг мантиқий фикрлаши ва ижодий қобилиятини ривожлантиришга қаратилган инновацион усуллар билан яқиндан танишди. Бу эса замонавий таълим талабларига жавоб берадиган рақобатбардош педагог кадрларни тайёрлашда муҳим аҳамият касб этади.
Шунингдек, форум доирасида илғор педагогик тажрибаларни оммалаштириш, инновацион ғояларни таълим тизимига татбиқ этиш ва ўқитувчилар ўртасида тажриба алмашишга қаратилган маҳорат дарслари ҳам ўтказилди. Мазкур жараён иштирокчиларнинг амалий кўникмаларини ривожлантириш ва касбий ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлашга хизмат қилди.
[gallery-29564]
Тадбир якунида форумда фаол иштирок этган барча ўқитувчиларга махсус сертификатлар топширилди. Бу эса уларнинг касбий фаолиятини янада рағбатлантириш, ўз устида ишлаш ва замонавий технологияларни таълим жараёнига кенг жорий этишга ундайди.
“INFOTEACH – 2026” форуми рақамли таълим муҳитини шакллантириш, педагогларнинг IT соҳасидаги компетенцияларини ошириш ва келажак авлодни замонавий билимлар асосида тарбиялаш борасида муҳим аҳамиятга эга бўлган нуфузли анжуман сифатида иштирокчиларда катта таассурот қолдирди.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА мухбирлари