“Адиблар хиёбони” китоб-альбоми чоп этилди
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида Президент ташаббуси асосида нашр этилган “Адиблар хиёбони” китоб-альбомининг тақдимоти бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Ёзувчилари уюшмаси раиси, халқ шоири Сирожиддин Саййид ва бошқалар миллий адабиёт ривожи йўлидаги эътибор ўзининг натижадорлиги билан аҳамиятли эканини таъкидлади.
Пойтахтимизда Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси асосида барпо этилган “Адиблар хиёбони” ўзига хос маданий-маърифий маскандир. Ёзувчилар уюшмаси ва унга туташ бўлган муаззам хиёбон адабиёт, маънавият ва маърифатнинг бетакрор бўстонига айланган, десак муболаға бўлмайди.
Бу хиёбон 2020 йил 20 май куни Президент томонидан очиб берилди.
[gallery-5507]
Саккиз гектарли ушбу масканда Бобур, Огаҳий, Бердақ, Муқимий, Фурқат, Бехбудий, Авлоний, Чўлпон, Қодирий, Тўлепберген Қайипбергенов, Ибройим Юсупов, Александр Файнберг сингари атоқли намоёндалар хотирасига бағишланган янги ёдгорлик мажмуалари ҳам яратилди.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан чоп этилган “Адиблар хиёбони” китоб-альбоми юртимиздаги адабиётга, маънавиятга бўлган эътибор ҳақида сўзлайди. Китоб-альбомда бугун мамлакатимиздаги адабий-маърифий жараёнлар билан бирга атоқли шоир ва ёзувчиларнинг ҳаёти, фаолияти, ижоди ҳақида таниқли ижодкорлар, уларнинг хотиралари ўрин олган. Шу билан бирга хиёбонда бўлиб ўтган учрашувлар, маърифий тадбирлардан суратли фото-репортажлар ҳам келтирилган.
Ушбу китоб-альбомни тайёрлашда бир гуруҳ ижодкорлар иштирок этди. Лойиҳага Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййид раҳбарлик қилди. Масъул муҳаррирлар Ғофур Шермухаммад, Нодир Жонузоқ. Мухаррирлар – Азиз Саид, Мухиддин Абдусамад. Шунингдек, Ғайрат Мажид, Ботир Эргашев, Саидғани Насриддинов, Шерзод Ирзоев, Рустам Мусурмон, Рисолат Ҳайдарова, Нурилла Чориев, Фозил Жабборов, Зулайҳо Аҳмаджонова, Нодир Сувонов каби ижодкорлар альбомнинг янада бойитишга ўз ҳиссасини қўшди. Ушбу китоб-альбом “Adabiyot” нашриётида 1000 нусхада чоп этилди.
Н.Усмонова, ЎзА