Ўзбекистон – Аргентина: футбол ва яккакураш спорт турларини ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди
Аргентина давлати билан футбол ва яккакураш спорт турларини ривожлантириш, маҳоратли футболчи ва спортчиларни тайёрлаш борасида ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилмоқда.
Бу ҳақда пойтахтимиздаги “Олимпия шаҳарчаси”да Ўзбекистон Республикаси спорт вазири ўринбосари Авазжон Каримов ҳамда Аргентина Республикасининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Энриқуе Игнаcио Феррер Виейра билан ўтказган мулоқоти давомида айтиб ўтилди.
Учрашув давомида спорт соҳасидаги ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантириш, айрим спорт турлари бўйича тажриба алмашишни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Хусусан, мамлакатимизда футболни ривожлантириш йўналишида Аргентина билан ҳамкорликни йўлга қўйиш истиқболлари, яккакураш спорт турлари бўйича Ўзбекистоннинг илғор тажрибасини Аргентина спортига татбиқ этиш юзасидан фикр алмашилди.
Муҳокамалар сўнгида спорт соҳасидаги алоқаларни янада мустаҳкамлаш ва истиқболли лойиҳаларни биргаликда амалга оширишнинг янги имкониятлари борасида таклифлар илгари сурилди.
Т. Рўзиев, ЎзА