660 ўринга мўлжалланган йирик ихтисослаштирилган санъат мактаби қурилишига старт берилди
Бугунги кунда мамлакатимизда ёшларнинг ижодий қобилиятини юзага чиқариш, уларни санъатга кенг жалб этиш ва иқтидорли авлодни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Тошкент вилоятининг маъмурий маркази Нурафшон шаҳрида бунёд этилаётган 660 ўринга мўлжалланган йирик ихтисослаштирилган санъат мактаб-интернати ҳам ана шу эзгу мақсадларга хизмат қилади.
Замонавий меъморчилик ва илғор таълим стандартлари асосида барпо этиладиган ушбу маскан ҳудудда маданий муҳитни юксалтириш ва янги истеъдодларни кашф этишга яна бир улкан қадам бўлди.
Ўзбекистон Бадиий академияси тизимидаги 504 ўринли ихтисослаштирилган санъат мактаб-интернати янги биносининг қурилишига тантанали равишда старт берилди. “Nurafshon Business City” ҳудуди, Янгиобод МФЙ, Янгиобод кўчаси, 35-уй манзилида қад ростлайдиган мазкур мажмуа замонавий таълим, ижод ва маърифат маскани сифатида ёш авлод учун кенг имкониятлар яратиши кўзда тутилган.

Мазкур таълим масканида ёшларнинг тасвирий ва амалий санъат йўналишларида чуқур билим олиши, назарий билимларини амалий машғулотлар орқали мустаҳкамлаши ва ўз ижодий салоҳиятини эркин намоён этиши учун зарур шароитлар яратилади, –дейди Бадиий академия матбуот котиби Қаҳрамон Қўлдошев. –Лойиҳа доирасида замонавий ўқув хоналари билан бир қаторда, профессионал ижодий устахоналар, кўргазма заллари ва галереялар, амалий машғулотлар учун махсус майдонлар ҳамда таълим жараёни учун зарур бошқа инфратузилма объектларини ташкил этиш кўзда тутилган.

Замонавий меъморий ечимлар асосидаги яратилаётган янги мажмуанинг умумий майдони 16 400 квадрат метрни ташкил этади. Шундан 5 876 квадрат метр қурилиш ости майдонига тўғри келади. Лойиҳа асосида тўрт қаватли бино барпо этилади. Мажмуа замонавий шаҳарсозлик талабларига мос меъморий ечимлар ҳамда таълим ва ижодий жараёнларни самарали ташкил этишга хизмат қилувчи муҳандислик инфратузилмаси билан жиҳозланади. Лойиҳанинг умумий қиймати 91,85 миллиард сўмни ташкил этади. Объектнинг бош лойиҳачиси — “NURAFSHON MADANIYAT LOYIHA” МЧЖ, бош пудратчиси “EXPECTED HOMES” МЧЖ. Қурилиш ишларини белгиланган талаблар асосида олиб бориш ва объектни 2027 йил 1 сентябрга қадар фойдаланишга топшириш режалаштирилган.

Янги санъат мактаб-интернати биносининг тамал тошини қўйиш маросими вилоят раҳбарияти ва тадбир меҳмонлари иштирокида рамзий пойдевор қолипига илк бетон қоришмаси қуйилди. Шу тариқа янги таълим ва ижод масканининг бунёдкорлик ишлари расман бошланди.
Мазкур маросим Нурафшон шаҳрининг замонавий ижтимоий-маданий инфратузилмасини янада бойитадиган, айниқса, ёш авлод учун янги имкониятлар яратадиган муҳим лойиҳанинг амалий босқичга кирганини ифодалади.
Қурилишга срат бериш жараёнида қурилиш ишларини сифатли ташкил этиш, лойиҳа талабларига қатъий риоя қилиш ва объектни белгиланган муддатларда фойдаланишга топшириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Янги иншоот қурилишининг бошланиши халқимизнинг асрий қадриятлари ва эзгу анъаналари асосида давом этди.

Хайрли ишнинг аввалида қурилишнинг бехатар, файзли ва баракали бўлишини ният қилиб, қурилиш майдонида эҳсон тадбири ташкил этилди. Нуроний отахонлар ва уламолар иштирокида Қуръони Карим тиловат қилиниб, янги масканнинг пойдевори мустаҳкам бўлиши, бунёдкорлик ишлари хайрли якун топиши ҳамда ушбу даргоҳдан келгусида юртимиз номини дунёга танитадиган истеъдодли ижодкорлар етишиб чиқиши ниятида дуолар қилинди. Бу эзгу тилаклар янги масканнинг бош мақсади миллий санъатимизнинг бой анъаналарини давом эттирадиган, замонавий билим ва ижодий тафаккурга эга ёш авлодни тарбиялаш ғояси билан уйғун.

Айни пайтда объект ҳудудида қурилишнинг дастлабки ишлари бошлаб юборилган. Қурилиш майдонида тупроқ сиртини текислаш ва грунтни зичлаш, котлован қазиш ҳамда ҳудудни кейинги қурилиш жараёнларига тайёрлаш ишлари олиб борилмоқда. Мазкур жараёнларга экскаваторлар, катоклар, оғир юк ташувчи махсус техникалар жалб этилган. Бино конструкцияларини барпо этиш ишларини жадаллаштириш мақсадида ҳудудда иккита баланд минорали кран ҳам ўрнатилиб, ишчи ҳолатга келтирилган.

Ушбу ихтисослаштирилган санъат мактаб-интернати келгусида ёш истеъдодларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг касбий маҳоратини юксалтириш ҳамда миллий тасвирий ва амалий санъатимизнинг янги авлод вакилларини тарбиялаш учун муҳим таълим масканларидан бирига айланиши кўзда тутилган.
Бугун унинг пойдеворига қўйилган илк бетон эртанги кун ижодкорлари учун яратилаётган янги имкониятларнинг рамзий бошланишидир.
Гулноза Бобоева,ЎзА