6 та корхона МДҲ сифат мукофоти совриндори бўлди
МДҲ Иқтисодий кенгашининг 109-йиғилишида 2025 йил якунлари бўйича “Маҳсулотлар ва хизматлар сифати соҳасида эришган ютуқлари учун” МДҲ мукофоти ғолиблари тасдиқланди.
Қарорга мувофиқ, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги давлатлари ўртасида ўтказилган нуфузли танлов натижаларига кўра, Ўзбекистоннинг 6 та корхонаси ушбу мукофотга сазовор бўлди.

Маълумотларга кўра, танловда Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия, Тожикистон ҳамда Ўзбекистондан жами 25 та корхона иштирок этди. Иштирокчилар маҳсулот ва хизматлар сифати, ишлаб чиқариш самарадорлиги, инновацион ёндашувлар ва халқаро стандартларга мувофиқлик каби мезонлар асосида баҳоланди.

Мазкур мукофот МДҲ мамлакатларидаги энг нуфузли сифат танловларидан бири ҳисобланиб, ҳар икки йилда бир марта ўтказилади. Танлов юқори сифатли ва рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқаришни рағбатлантириш, экспорт салоҳиятини ошириш, инновацион технологияларни жорий этиш ҳамда корхоналарнинг халқаро бозордаги рақобатбардошлигини мустаҳкамлашга қаратилган.

Мутахассислар таъкидлашича, Ўзбекистон корхоналарининг ушбу ютуғи мамлакатда саноатни модернизация қилиш, маҳаллий ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлаш ва экспортбоп маҳсулотлар ҳажмини ошириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар самарасининг яққол ифодаси.
Ш.Маматуропова,
ЎзА