6 мингдан ортиқ битим эскроу орқали олди-сотди қилинди
Сўнгги йилларда Ўзбекистонда кўчмас мулк ва транспорт воситалари бозори сезиларли даражада ривожланмоқда. Бу жараёнда энг муҳим масалалардан бири — битимларнинг хавфсизлиги ва фойдаланувчиларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш ҳисобланади. Шу боис эскроу ҳисобварақлари орқали олди-сотди жараёнлари тобора оммалашиб бормоқда.
Марказий банкнинг маълум қилишича, жорий йилнинг 1–7 апрель кунлари эскроу ҳисобварақлари орқали жами 6 минг 156 та битим амалга оширилган. Шу битимларнинг 3 минг 904 таси транспорт воситалари, 2 минг 252 таси эса кўчмас мулк олди-сотдисига тўғри келган. Ҳудудлар кесимида энг кўп битимлар Тошкент шаҳри, Фарғона ва Самарқанд вилоятида рўйхатга олинган. Бу эса аҳоли зичлиги, бозор фаоллиги ва ушбу товарларга бўлган талабнинг юқорилиги билан изоҳланади.
Эскроу ҳисобварағи — харидор ва сотувчи ўртасидаги молиявий операцияларни хавфсиз амалга оширишга қаратилган механизм ҳисобланади. Маблағ битим тўлиқ расмийлаштирилгунга қадар махсус ҳисобварағида сақланади ва шартлар бажарилгандан сўнггина сотувчига ўтказилади. Бу тизим орқали фирибгарлик ҳолатларининг олди олинади, ҳисоб-китобларда шаффофлик таъминланади ва фойдаланувчиларнинг манфаатлари ҳимоя қилинади.
Экспертлар таъкидлашича, эскроу ҳисобварақлари бозорда ишончни мустаҳкамлайди ва юридик хавфсизликни таъминлайди. Хусусан, янги қонунчиликка мувофиқ, бу механизм орқали амалга оширилган битимлар давлат рўйхатидан ўтказилиши ва солиқ ҳисоботлари билан мувофиқлаштирилиши талаб этилади.
Шу боис эскроу ҳисобварақлари нафақат фойдаланувчилар учун хавфсизликни таъминловчи, балки Ўзбекистоннинг кўчмас мулк ва транспорт бозоридаги самарали молиявий инструментга айланмоқда. Мутахассислар фикрига кўра, келгусида ушбу механизмни кенгайтириш ва бозордаги барча иштирокчилар учун мажбурий қилиш орқали иқтисодий операцияларнинг шаффофлиги ва ишончлилиги янада мустаҳкамланиши мумкин.
Ш.Маматуропова,
ЎзА