4iG билан рақамли инфратузилма ривожи муҳокамада
Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов шу кунларда Тошкентда бўлиб ўтаётган “Space Technology Conference STC-2026” халқаро анжумани доирасида Венгриянинг 4iG компанияси космик йўналиш бўйича директори ва вице-президенти Роберт Х.Над билан учрашди.
Музокаралар чоғида Ўзбекистонда рақамли инфратузилмани ривожлантириш, жумладан, дата-марказлар ташкил этиш, халқаро инвестицияларни жалб қилиш ва рақамли хизматлар экспортини кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди. Шунингдек, мамлакатнинг қулай географик жойлашуви ва яхшиланиб бораётган бизнес муҳити катта ҳажмдаги маълумотлар инфратузилмасини жорий этишда муҳим омил сифатида қайд этилди.

Томонлар Яқин Шарқдаги геосиёсий вазият фонида хавфсиз маълумот сақлашга бўлган талаб ортиб бораётганини инобатга олиб, Ўзбекистонни минтақавий дата-хабга айлантириш имкониятларини ҳам муҳокама қилди.

Бундан ташқари, масофавий бандликни кенгайтириш, малакали кадрлар тайёрлаш ва халқаро компаниялар учун аутсорсинг имкониятларини кучайтириш масалаларига ҳам эътибор қаратилди.
Учрашув якунида томонлар Ўзбекистоннинг рақамли хизматлар соҳасидаги улкан салоҳиятини эътироф этиб, мамлакатни минтақавий IT ва дата-хабга айлантириш йўлида ҳамкорликни янада чуқурлаштиришга тайёр эканини билдирди.
Нигора Раҳмонова,
ЎзА