23 та дорихона лицензияси бекор қилинди
2026 йилнинг биринчи чорагида фармацевтика соҳасида назорат чоралари кучайтирилиб, қонунбузилишларга нисбатан қатъий чоралар кўрилди. Хусусан, «Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази» давлат муассасасининг фармацевтика фаолиятини лицензиялаш ва фарминспекция бошқармаси томонидан лицензия талаб ва шартларини қўпол равишда бузган 23 та дорихонанинг лицензияси бекор қилинди.
Мазкур дорихоналарда дори воситаларини мувофиқлик сертификатларисиз сақлаш ва сотиш, шунингдек, Ўзбекистонда рўйхатдан ўтказилмаган, сифатсиз ёки қалбаки маҳсулотларни реализация қилиш ҳолатлари аниқланган. Бу каби қонунбузилишлар аҳоли саломатлигига жиддий хавф туғдириши мумкинлиги сабабли тадбиркорлик субъектларига нисбатан белгиланган тартибда жазо чоралари қўлланилди.
Лицензияси бекор қилинган дорихоналар Андижон, Бухоро, Қорақалпоғистон Республикаси, Самарқанд, Сурхондарё, Тошкент шаҳри ва Хоразм вилоятларида жойлашган. Улар ҳамда ушбу субъектлар ходимлари махсус реестрга киритилди. Бу эса келгусида соҳада шаффофликни таъминлаш ва қонунбузарликларнинг олдини олишда муҳим аҳамият касб этади.
Фармацевтика бозорида тартиб-интизомни кучайтириш, айниқса, дори воситалари сифатини назорат қилиш аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишнинг асосий омилларидан бири ҳисобланади. Шу нуқтаи назардан, лицензия талабларига риоя этмаган субъектларга нисбатан кескин чоралар кўрилиши соҳада соғлом рақобат муҳитини шакллантиришга хизмат қилади.
Маълум қилинишича, қонунчиликка мувофиқ, дори воситалари ва тиббий буюмларни сертификатсиз сақлаш ёки сотиш, шунингдек, рўйхатдан ўтмаган ёки қалбаки маҳсулотларни тарқатиш жиддий ҳуқуқбузарлик сифатида баҳоланади ва бу ҳолатларда лицензия бекор қилинишигача бўлган чоралар қўлланилади.
Фарминспекция бошқармаси ушбу йўналишдаги ишлар изчил давом эттирилишини, қонунбузар субъектлар рўйхати мунтазам равишда очиқ эълон қилиб борилишини таъкидлади.
Моҳигул Қосимова,
ЎзА