203 грамм “опий”ни яширин усулда олиб киришга уринган шахс ушланди
“Термиз халқаро савдо маркази” эркин савдо зонасида хорижлик 27 ёшли эркак 203 грамм “опий” гиёҳвандлик моддасини ички аъзосига яширгани фош этилди.
Сурхондарё вилояти божхона бошқармаси контрабандага қарши курашиш бўлими Сурхондарё вилояти Давлат хавфсизлик хизмати ва Чегара қўшинлари ходимлари ҳамкорлигида тезкор-қидирув тадбири чоғида олдиндан кузатувга олинган хорижлик меҳмон аъзоларига шубҳали нарсани яширгани аниқланди. У ўзининг тўғри ичак қисмига жойлаган 3 дона полиэтилен ўрамни 36 ёшли бошқа бир шахсга топшираётган пайтда қўлга олинди.

Ўрамлар холислар иштирокида белгиланган тартибда очиб кўрилганида 203 грамм оғирликдаги “опий” гиёҳвандлик моддаси экани ошкор бўлди.
Шу куни тезкор тадбир Термиз шаҳрида давом эттирилиб, мазкур гиёҳвандлик воситасини қабул қилиб олиши керак бўлган охирги 40 ёшли шахс ҳам қўлга олинди.

Айни пайтда мазкур ҳолат юзасидан божхона органлари терговга қадар текширув ҳаракатларини олиб бормоқда.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА