2028 йилгача юк автомобиллари божхона божидан озод этилди
Жаҳон иқтисодиётида транспорт ва логистика тизими мамлакатлар рақобатбардошлигини белгилайдиган асосий омиллардан бирига айланди. Экспорт салоҳиятини ошириш, ташқи бозорларга тез ва арзон чиқиш ҳамда инвестициялар оқимини кўпайтириш кўп жиҳатдан самарали логистика тизимига боғлиқ.
Ўзбекистон ҳам кейинги йилларда мазкур соҳани иқтисодий тараққиётнинг стратегик йўналиши сифатида белгилаб, кенг қамровли ислоҳотларни амалга оширмоқда. Божхона қўмитасида транспорт-логистика соҳасида фаолият юритаётган тадбиркорлар ва ташувчилар иштирокида ўтказилган очиқ мулоқот ана шу ислоҳотларнинг амалий давоми бўлди.

Тадбир Президент ҳузурида жорий йил 1 июль куни транспорт-логистика тизимини ривожлантириш ва мамлакат транзит салоҳиятидан самарали фойдаланиш бўйича ўтказилган йиғилишда белгиланган вазифалар ижроси доирасида ташкил этилди.
Божхона қўмитаси раиси Акмал Мавлоновнинг таъкидлашича, кейинги беш йилда мамлакат ташқи савдоси билан бир қаторда транспорт оқимлари ҳам кескин ошди. Хусусан, чегара божхона постлари орқали ҳаракатланган транспорт воситалари сони 2 баробарга кўпайди,
бир йилнинг ўзида транспортлар сони 2,5 миллионтадан 5,5 миллионтага етди. Экспорт ва импорт юклари ҳажми 5 миллион тоннадан 11 миллион тоннага ошди. Халқаро ташувлар билан шуғулланувчи автокорхоналар сони 1,5 мингтадан 2,5 мингтага етди. Халқаро юк ташувчи автомобиллар сони 14 мингтадан 29 мингтага кўпайди. Бу рақамлар мамлакатда ташқи савдо ва логистика инфратузилмасига бўлган эҳтиёж йил сайин ошиб бораётганини кўрсатади.

Очиқ мулоқотда соҳани ривожлантиришга қаратилган янги ташаббуслар ҳам маълум қилинди. Жумладан, Хонобод, Ангрен, Янгийўл, Оҳангарон, Олот ва Термиз ҳудудларини транспорт-логистика марказларига айлантириш, ушбу ҳудудларда тадбиркорлар учун 300 гектар ер майдони ажратиш режалаштирилган. Шунингдек, Қибрай ва Термизда янги божхона терминаллари, автотураргоҳлар қуриш, Хонободда халқаро темир йўл чегара пунктини барпо этиш, Янгийўл темир йўл станциясини кенгайтириш ҳамда Оҳангаронда юқори тоифадаги логистика марказини ташкил этиш кўзда тутилган.
Соҳада рақамлаштириш ишлари ҳам янги босқичга чиқмоқда. Келгусида, «E-logistika» платформаси кенг жорий этилади. Логистика марказларида омбор ва терминалларни электрон бошқариш тизими ишга туширилади. Транспорт воситалари онлайн кузатилади,
чегара постларида «Ягона тўхташ» (One Stop) тамойили жорий этилади. Бу ортиқча вақт сарфи ва қоғозбозликни камайтиришга, юкларни расмийлаштириш жараёнини тезлаштиришга хизмат қилади.

Тадбирнинг энг муҳим янгиликларидан бири – Президентнинг 2026 йил 7 июлдаги тегишли қарори билан қабул қилинган имтиёзлар бўлди. Унга мувофиқ, ишлаб чиқарилганига беш йилдан ошмаган юк автомобиллари 2028 йилгача божхона божи ва утилизация йиғимидан озод этилди. Бу қарор миллий ташувчилар харажатларини камайтириб, автопаркни замонавий техника билан янгилашга хизмат қилади.

– Мазкур имтиёз натижасида давлат бюджети ҳар йили тахминан 4 триллион сўмлик тушумдан воз кечади, – дейди Божхона қўмитаси бошқарма бош инспектори Дилшоджон Дадажонов. – Бироқ бу маблағ иқтисодиётга инвестиция сифатида қайтиши, экспорт ҳажмини ошириши ва янги иш ўринлари яратиши кутилмоқда. Бугун мамлакат ҳудудидан 4 минг километрлик халқаро транзит йўлаклари ўтади. Шунингдек, 4,7 минг километр темир йўл тармоғи фаолият кўрсатмоқда. Навоий аэропорти Евроосиёдаги муҳим карго марказларидан бири сифатида шаклланмоқда. Тошкент, Навоий ва Наманганда замонавий логистика марказлари барпо этилмоқда. Айниқса, «Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон» темир йўли ҳамда Трансафғон темир йўли лойиҳаларининг амалга оширилиши мамлакатнинг минтақавий транспорт тизимидаги ўрнини янада мустаҳкамлайди.

Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, ушбу лойиҳалар амалга ошса, Ўзбекистон Тинч океанидан Европагача бўлган энг қисқа қуруқлик йўлагининг муҳим бўғинига айланади.
Транспорт-логистика соҳасида бошланган ислоҳотлар нафақат юк ташувчилар учун қулай шарт-шароит яратади, балки мамлакат экспорт салоҳиятини ошириш, ташқи савдо харажатларини қисқартириш, инвестицияларни жалб этиш ва иқтисодий ўсишни жадаллаштиришга ҳам хизмат қилади.
Давлат идоралари билан тадбиркорлар ўртасидаги очиқ мулоқотлар эса муаммоларни тезкор ҳал этиш, бизнес учун янада қулай муҳит яратиш ҳамда Ўзбекистонни Марказий Осиёнинг йирик транспорт ва логистика марказларидан бирига айлантиришда муҳим аҳамият касб этади.
Шаҳноза Маматуропова, ЎзА