Тадбиркор ярим миллиард сўмдан ортиқ жаримадан озод этилди
Маълумки, Бизнес-омбудсман томонидан ҳудудларда шоличилик, пахтачилик, ғаллачилик, боғдорчилик ва чорвачилик йўналишларида фаолият юритаётган тадбиркорлар билан учрашувлар ташкил этилади. Уларда фермерларни қийнаётган асосий масалалар - ноқонуний қарорлар, асоссиз солиқ ҳисоблаш, субсидия ажратиш, шартномавий муносабатлар билан боғлиқ муаммолар ўрганилмоқда.
Шунга кўра, Бизнес-омбудсманга Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳрида фаолият юритувчи якка тартибдаги тадбиркор С.М. унга нисбатан ҳисобланган жаримадан норози бўлиб мурожаат қилди.
Аниқланишича, «Тошкент вилояти сув таъминоти» АЖ томонидан тузилган далолатномага асосан, тадбиркор зиммасига 596,8 миллион сўм миқдорида йирик зарар (жарима) ҳисобланган.
Масалага ҳуқуқий баҳо бериш мақсадида Бизнес-омбудсман ходимлари «Тошкент вилояти сув таъминоти» АЖ ҳамда Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекцияси масъуллари билан биргаликда вазиятни ўрганиб чиқди.
Маълум бўлишича, далолатномани расмийлаштириш ва ҳисоб-китоб қилишда қонунчилик талабларига риоя этилмаган.
Хусусан, зарар миқдорини аниқлаш учун муҳим ҳисобланган маълумотлар, жумладан, сув босими, қувурнинг ички диаметри ҳамда сувнинг сизиб чиқиш давомийлиги тўлиқ кўрсатилмаган.
Бизнес-омбудсман томонидан киритилган хулоса асосида «Тошкент вилояти сув таъминоти» АЖ далолатномани ва унга асосан ҳисобланган қарийб 597 миллион сўмлик жаримани тўлиқ бекор қилди.
Гулноза Бобоева,
ЎзА