2025 йилда ипотека кредитлари ҳажми 24,1 фоизга ўсиб, 21,2 триллион сўмни ташкил этди
Сўнгги йилларда Ўзбекистонда уй-жой бозори иқтисодий ислоҳотлар, урбанизация жараёнлари ва аҳоли даромадларининг ўсиши таъсирида жадал ривожланди. Айниқса, 2020–2023 йилларда кузатилган юқори суръатли нарх ўсиши бозорда маълум даражада “қизиш” ҳолатини юзага келтирган эди. 2025 йилга келиб эса мазкур жараён табиий равишда янги босқичга — барқарорлашув ва мувозанатни тиклаш даврига ўта бошлади.
"Ўзбекистон ипотекани қайта молиялаштириш компанияси" акциядорлик жамияти таҳлиллари шуни кўрсатмоқдаки, уй-жой бозорида нархлар динамикаси, талаб ва таклиф ўртасидаги нисбат ҳамда ипотека механизмларининг ривожланиши янги иқтисодий шароитларга мослашаётганини намоён этмоқда. Бу эса нафақат бозор иштирокчилари, балки уй-жойга муҳтож аҳоли қатламлари учун ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда.
2025 йилнинг тўртинчи чорагида Ўзбекистон уй-жой бозорида муҳим ўзгаришлар кузатилди. Сўнгги йиллардаги жадал ўсишдан кейин бозорда табиий коррекция ва мувозанатлашув жараёни бошланди. Бу ҳолат, айниқса нархлар динамикаси, талаб ва таклиф ўртасидаги мутаносибликда яққол намоён бўлмоқда.
Ҳисобот даврида бирламчи уй-жой бозорида ҳудудлар кесимида асосан нархларнинг ўсиши кузатилди. Хусусан, аввалги чоракда пасайиш қайд этилган айрим ҳудудларда қайта тикланиш жараёни бошланди. Қорақалпоғистон Республикасида нархлар 10,4 фоиз, Бухорода 9,4 фоиз ва Наманганда 6,2 фоизга ошди.
Айни пайтда, айрим ҳудудларда нархлар бироз пасайди. Энг катта тушиш Сурхондарё (–3,2%), Андижон (–1,4%) ва Жиззах (–0,8%) вилоятларида кузатилди.
Тошкент шаҳри ва вилоятидаги ҳолат эса алоҳида эътиборга лойиқ. Бу ердаги нисбий пасайиш 2020–2023 йиллардаги юқори ўсиш суръатларининг “табиий коррекцияси” сифатида баҳоланмоқда. Шу билан бирга, пойтахтда нархлар секинлашган бўлса-да, ҳудудларда ўсиш давом этмоқда. Бу эса бозорнинг босқичма-босқич мувозанатга келаётганидан далолат беради.
Иккиламчи уй-жой бозорида нархлар барқарорлашди. Айрим ҳудудларда пасайиш кузатилган бўлса-да, кўпчилик вилоятларда ўсиш қайд этилди. Қашқадарё (9,7%), Хоразм (6,4%), Наманган (6,1%) ва Самарқанд (5,4%) вилоятлари бу борада етакчи бўлди.
Пойтахтда эса нархлар пасайиши давом этди, аммо унинг суръати сезиларли даражада секинлашди. Бу ҳолат бозордаги таклифнинг ортиши билан изоҳланади. Сўнгги йилларда амалга оширилган кенг кўламли қурилиш ишлари натижасида бозор янги уй-жойлар билан тўйинмоқда. Бу эса иккиламчи бозорда ҳам рақобатни кучайтириб, нархларга босим ўтказмоқда.
Қайд этилишича, 2025 йилнинг тўртинчи чорагида ижара бозорида ҳам фаоллик ошди. Ўртача нархлар 3,7 фоизга кўтарилди. Энг юқори ижара нархлари анъанавий равишда Тошкент шаҳрида (99,8 минг сўм/м²), Тошкент вилояти ва Самарқандда кузатилди. Шу билан бирга, Сурхондарё ва Тошкент вилоятида ижара нархларининг бироз пасайиши қайд этилди. Бу эса айрим ҳудудларда талабнинг вақтинча тўйинганини кўрсатади.
Сўнгги йилларда уй-жой қурилиши изчил ўсиб бормоқда. 2018–2024 йилларда мамлакат уй-жой фонди 430 мингдан ортиқ янги уйлар ҳисобидан кенгайди. 2025 йилда 106,5 мингта уй-жой фойдаланишга топширилди.
Демографик ўсишни ҳисобга олганда, ҳар йили камида 95 мингта янги уй қуриш зарур. Шу мақсадда 2026 йил учун 140 минг хонадон қуриш режалаштирилган. Узоқ муддатли стратегияга кўра, 2040 йилга бориб бу кўрсаткич 280 мингтага етказилиши кўзда тутилган.
2025 йилда ипотека кредитлари ҳажми 24,1 фоизга ўсиб, 21,2 триллион сўмни ташкил этди. Бу ўсиш асосан бирламчи бозордаги ипотека кредитларининг 47,2 фоизга ошгани билан боғлиқ. Шу билан бирга, ипотека фоиз ставкаларида пасайиш тенденцияси кузатилди. Имтиёзли кредитлар бўйича ўртача ставка 16,75 фоизгача тушди. Бу эса аҳоли учун уй-жой сотиб олиш имкониятларини кенгайтирмоқда.
Соҳа мутахассисларининг қайд этишича, 2025 йил Ўзбекистон уй-жой бозори учун бурилиш нуқтаси бўлди. Илгариги “қизиб кетган” ўсишдан кейин бозор соғломлашув ва барқарор ривожланиш босқичига ўтмоқда. Пойтахтда нархлар мувозанатга келаётган бир пайтда, ҳудудларда иқтисодий фаоллик ва талабнинг ортиши кузатилмоқда. Таклифнинг кўпайиши эса харидорлар учун янада қулай шароитлар яратмоқда.
Умуман олганда, бугунги динамика уй-жой бозорининг узоқ муддатли барқарорлиги ва аҳолининг уй-жойга бўлган эҳтиёжини таъминлаш учун мустаҳкам замин яратаётганини кўрсатади.
Шаҳноза Маматуропова,
ЎзА