Қўриқлаш хизматида саводхонлик синови
Сурхондарё вилояти ИИБ ҳузуридаги Қўриқлаш хизматида 21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни муносабати билан «Умуммиллий диктант» лойиҳаси доирасида оммавий диктант ўтказилди. Унда хизмат раҳбарияти, бўлим бошлиқлари, офицерлар, сержантлар ва сафдорлар иштирок этди.
Тадбир она тилимизга ҳурмат ва эҳтиромни янада юксалтириш, давлат тилининг жамият ҳаётидаги ўрни ва нуфузини мустаҳкамлаш, ходимларнинг ёзма саводхонлиги ҳамда нутқ маданиятини ошириш мақсадида ташкил этилди.
Иштирокчилар диктант ёзиш жараёнида ўзбек адабий тили меъёрлари, имло қоидалари ва тиниш белгиларини тўғри қўллаш бўйича билим ва кўникмаларини синовдан ўтказди. Айниқса, хизмат фаолиятида давлат тилидан тўғри фойдаланиш, расмий ҳужжатларни саводли юритиш ва ёзма нутқ маданиятига риоя этишнинг аҳамиятига алоҳида эътибор қаратилди.
[gallery-32031]
Диктант ишлари Республика Маънавият ва маърифат марказининг вилоят бўлими мутахассислари томонидан имло, пунктуация, ёзув маданияти ва умумий саводхонлик мезонлари асосида баҳоланди.
Натижаларга кўра, энг юқори кўрсаткичларни қайд этган ходимлар эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Мазкур маърифий ташаббус Қўриқлаш хизмати шахсий таркибининг давлат тилига бўлган эътиборини кучайтириш, ёзма саводхонлигини ошириш ҳамда кундалик хизмат фаолиятида ўзбек адабий тили меъёрларига амал қилиш кўникмаларини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Жонибек ҚЎЗИМУРОДОВ (сурат), ЎзА