16 та хонадонда яна аҳиллик ва хотиржамлик қарор топди
Оила — биргина хонадон эмас. У инсон қалбига меҳр, фарзандлар юрагига ишонч, жамиятга эса маънавий таянч берадиган муқаддас маскандир. Бир оиланинг бузилиши ортида эса кўпинча икки инсоннинг эмас, бутун бир оиланинг, энг аввало, фарзандларнинг тақдири туради. Шу боис ҳар бир оилани асраб қолиш — жамият келажагини асраш демакдир.
Бухоро вилояти суди ҳамда вилоят Оила ва хотин-қизлар бошқармаси ҳамкорлигида Когон шаҳрида ташкил этилган “Оила – жамият таянчи, маънавият бешиги ва авлодлар ўртасидаги узвийлик рамзидир” мавзусидаги учрашув ана шу эзгу мақсадга қаратилди.
Тадбирда бошқарма бошлиғи Ҳ. Ортиқова никоҳдан ажратиш бўйича мурожаат қилган эр-хотинлар, уларнинг ота-оналари ҳамда масъул ташкилотлар вакиллари билан очиқ ва самимий мулоқот олиб борди.
Учрашувда вилоятда жорий йилнинг биринчи олти ойи давомида ажрим ёқасига келиб қолган, турли низолар гирдобига тушган оилалар ҳолати атрофлича таҳлил қилинди.

Зеро, статистик рақамлар оддий рақамлар эмас. Ҳар бир рақам ортида бир хонадон, бир неча инсон тақдири, фарзандларнинг кечинмалари, ота-оналарнинг изтироби ва йиллар давомида қурилган орзу-умидлар бор. Шу нуқтаи назардан, оилавий низоларнинг сабабларини чуқур ўрганиш, муаммонинг илдизига етиб бориш ва эр-хотин ўртасидаги муносабатларни тиклашга кўмаклашиш муҳим вазифа сифатида белгиланди.
Учрашувнинг энг аҳамиятли жиҳати шундаки, ажрим ёқасига келиб қолган оилалар билан умумий мулоқот билан чекланиб қолинмади. Ҳар бир оиланинг муаммоси алоҳида ўрганилиб, эр-хотин, уларнинг яқинлари ҳамда масъуллар иштирокида якка тартибда суҳбатлар ўтказилди.

Суҳбатларда оиладаги келишмовчиликларнинг сабаблари, ўзаро муносабатларда юзага келган тушунмовчиликлар, фарзандлар тақдири ва оилани сақлаб қолиш имкониятлари ҳақида очиқ фикр алмашилди. Энг муҳими, томонларга бир-бирини айблаш эмас, балки эшитиш, тушуниш ва кечиришнинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти атрофлича тушунтирилди. Чунки баъзан бир оғиз самимий сўз, бир қадам ортга чекиниш ёки бир-бирини яхши англаш бутун бир оиланинг тақдирини ўзгартириши мумкин.
Ўтказилган мулоқот ва тушунтиришлар самарасиз қолмади. Натижада 16 та оиланинг ярашишига эришилди. Бу — 16 та хонадонда яна бир бор тинчлик қарор топгани, фарзандлар ота-она меҳри бағрида қолгани, кексаларнинг кўнгли хотиржам бўлгани, неча йиллик оилавий ришталар узилиб кетишининг олди олингани демакдир.
Бугун оилани сақлаб қолишга қаратилган ҳар бир ҳаракат эртанги кун учун катта маънавий сармоядир. Зеро, фарзанд тарбияси, инсон камолоти, жамият барқарорлиги ва юрт осойишталиги аввало оилада шаклланади.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири