Янги авлод журналистлари – «Шарафли йўл»да
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси томонидан ёш ижодкорлар ўртасида «Шарафли йўл» видеороликлар кўрик-танлови ташкил этилди.
Кўрик-танлов ғолибларини тақдирлаш маросими ёшларга хос жўшқин, завқли ва жуда самимий руҳда ўтказилди. Тадбирга устоз журналистлар, босма ва электрон оммавий ахборот воситаларида меҳнат қилаётган ҳамкасблар, ёш ижодкорлар таклиф этилди.
Кўрик-танловдан асосий мақсад — ёш журналистлар ва блогерларнинг ижодий салоҳиятини қўллаб-қувватлаш, замонавий медиа воситалари орқали Ватан, истиқлол ва юртимиз ҳаётини таъсирчан ёритишга рағбатлантириш, шунингдек, сифатли видеоконтент яратиш маданиятини ривожлантиришдан иборат.
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раиси, таниқли ижодкор ва шоир Шуҳрат Орипов мамлакатимизда ёш ижодкорларни қўллаб-қувватлашга қаратилган чора-тадбирлар эзгу анъанага айланганини таъкидлади.

– Ҳар бир кунимиз, ҳар бир дақиқаю лаҳзамиз янгиланишлар билан кечмоқда, — деди Уюшма раиси Шуҳрат Орипов. – Президентимиз Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланган тантанали маросимда таъкидлаганларидек, мамлакатимизнинг босиб ўтган йўли чин маънода шарафли йўлдир. Бу йўлда эришилган ютуқларга халқимизнинг фидокорона меҳнати ва салоҳияти орқали эришдик. Бунга эришиш осон бўлгани йўқ. Бугунги авлодга Янги Ўзбекистонни қуришдек буюк бир шараф насиб этмоқда.
Ана шу жараёнларда, албатта, оммавий ахборот воситалари вакиллари, журналистлар ва бу соҳада камол топаётган ёшларимизнинг жуда катта ўрни бор. Бугунги тадбирда устозларимиз ҳам иштирок этмоқда. Ҳар биримиз давлатимиз раҳбарининг маърузасидан келиб чиқадиган вазифаларни англаган ҳолда, белгилаб берилган еттита миллий дастурни амалга оширишда фаол иштирок этишимиз керак. Чунки давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, кейинги тараққиётимиз миллий юксалиш даври бўлади.
Жамиятнинг энг илғор зиёлилари бўлган журналистлар бу жараёнда фаол иштирок этишлари зарур. Тадбирни ўтказишдан асосий мақсадимиз ҳам журналистиканинг янги авлодини тарбиялаш ва бу жараёнга фаол ҳисса қўшишдан иборат. Шу маънода, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси бугунги каби танловлар орқали ёшларимизни ва журналистиканинг янги авлодини қўллаб-қувватлашга ҳаракат қилмоқда. Буларнинг барчаси биргаликда олиб борилаётган ишларимизнинг амалий натижасидир. Мамлакатимиздаги ислоҳотларнинг ёрқин намунасини бугунги тадбир мисолида ҳам кўришимиз мумкин. Биз – журналистлар ҳам ёшларимиз учун кенг имкониятлар яратиш ҳаракатидамиз, янги режалар тузмоқдамиз. Бугунги тадбиримиз бунинг дебочасидир.

Танлов учта йўналиш бўйича ўтказилди: профессионал ижодкорлар учун «Энг яхши видеоролик», «Сунъий интеллект ёрдамида яратилган энг яхши видеоролик» ҳамда «Мобилография асосида яратилган энг яхши видеоролик». Унда 18 ёшдан 30 ёшгача бўлган ёш журналистлар ва блогерлар ўз ижодий ишлари билан иштирок этди.
«Шарафли йўл» кўрик-танлови ҳақидаги илк эълондан сўнг ижодий ишлар 2026 йил 28 августга қадар қабул қилинди. Шу давр мобайнида иштирокчилар томонидан турли мавзуларда, замонавий ёндашув ва креатив ғояларга асосланган видеороликлар тақдим этилди. Танлов жараёни, эълонлар ва муҳим босқичлар Ўзбекистон Журналистлар уюшмасининг расмий Telegram канали орқали мунтазам ёритиб борилди.

Келиб тушган ижодий ишлар профессионал ҳакамлар ҳайъати томонидан белгиланган мезонлар асосида кўриб чиқилди. Бунда иштирокчиларнинг ғоя ва мазмунни очиб бериш маҳорати, тасвирий ечим, монтаж, ижодий ёндашув ҳамда замонавий медиа талабларига мувофиқлигига алоҳида эътибор қаратилди. Ҳар бир иш холис ва адолатли баҳоланиб, энг муносиб ижодий ишлар саралаб олинди.

Кўрик-танлов ғолиблари аниқланиб, уларнинг ижодий ишлари муносиб эътироф этилди. Тантанали тақдирлаш маросимида ғолибларга белгиланган совғалар ва эсдалик мукофотлари топширилди.
– Мен кўп йиллардан буён мобилографияга қизиқаман, – деди Тошкент давлат шарқшунослик университети талабаси, танлов ғолибларидан бири Омина Исмоилова. — Тақдим этган ижодий ишимда мамлакатимиз ёшларининг орзу-умидлари, уларнинг эзгу интилишларини акс эттиришга ҳаракат қилдим.
Тантанали тадбирда Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзолигига тавсия этилган бир гуруҳ журналистларга Уюшма аъзолик гувоҳномалари ҳам тантанали равишда топширилди.
Шунингдек, тадбир доирасида «Журналист» бадиий фильми намойиш этилди.
«Шарафли йўл» видеороликлар кўрик-танлови ёш журналистлар ва блогерларнинг ижодий салоҳиятини қўллаб-қувватлаш, уларни замонавий медиа имкониятларидан самарали фойдаланишга рағбатлантириш ва журналистиканинг янги авлодини шакллантириш йўлидаги муҳим ташаббуслардан бири бўлди.
Назокат Усмонова,
Фарҳод Абдурасулов (сурат),
ЎзА мухбирлари