127 миллиард сўмлик солиқ қарздорлиги бўйича хатлов ишлари ўтказилди
Давлат бюджети даромадларининг барқарорлигини таъминлаш, солиқ интизомини мустаҳкамлаш ҳамда солиқ тўловчиларнинг мажбуриятларини ўз вақтида бажаришини таъминлаш мақсадида пойтахтда солиқ қарздорлигини қисқартиришга қаратилган назорат тадбирлари изчил давом эттирилмоқда.
Тошкент шаҳар солиқ бошқармаси раҳбарияти ҳамда Мажбурий ижро бюроси (МИБ) ҳамкорлигида солиқ қарздорлиги мавжуд корхоналарда хатлов ишлари амалга оширилмоқда.
Тадбирлар давомида 34 та корхонанинг жами 127 миллиард сўмлик солиқ қарздорлиги юзасидан хатлов ишлари олиб борилди.
Хусусан, 19 та корхонага тегишли 41 та автотранспорт воситаси хатлов қилинди. Улар орасида «GRAND ROAD TASHKENT» МЧЖга тегишли Mercedes-Benz ҳамда «PERSPECTIVE-BUILDING» МЧЖ балансидаги Hyundai Sonata DN8 Luxe русумли енгил автомобиллар ҳам мавжуд.
Шунингдек, солиқ қарзи мавжуд 15 та корхона тасарруфидаги 29 та бино ва иншоот ҳам хатловга олинди.
Тезкор кўрилган чора-тадбирлар натижасида давлат бюджетига 13,1 миллиард сўм миқдоридаги солиқ қарздорлигини ундириш таъминланди.
Солиқ қарздорлигини қисқартириш, бюджет тушумларини кўпайтириш ва солиқ мажбуриятларининг ўз вақтида бажарилишини таъминлашга қаратилган назорат тадбирлари келгусида ҳам изчил давом эттирилади.
Солиқ органлари тадбиркорлик субъектларини солиқ мажбуриятларини белгиланган муддатларда бажаришга чақириб, бу давлат бюджети даромадларининг барқарорлиги ҳамда мамлакат ижтимоий-иқтисодий дастурларини молиялаштиришда муҳим аҳамият касб этишини таъкидламоқда.
Ш.Маматуропова,
ЎзА