10 нафар маҳкум озод қилинди
Қашқадарё вилоят судлари мутасаддилари томонидан вилоятимизнинг чекка ҳудудларида истиқомат қилувчи фуқароларнинг суд-ҳуқуқ соҳасидаги мурожаатларини тинглаш, бу борадаги долзарб масалаларни ўрганиш ва уларни ҳал қилишга қаратилган сайёр қабуллар ўтказиб келинмоқда.
Қашқадарё вилоят судлари масъуллари иштирокида Миришкор тумани “Чандир” маҳалла фуқаролар йиғинида аҳолининг ҳуқуқий мавзудаги мурожаатларига ечим излашга қаратилган сайёр қабул ташкил этилди.


Унда турли масалаларда ҳуқуқий маслаҳат ва кўмак сўраб келган 25 нафар нафар фуқаронинг мурожаати тингланди.
Қабул жараёнида Жиноят ишлари бўйича Миришкор туман судининг сайёр суд мажлисида бир қатор маъмурий ҳуқуқбузарликка оид ва жиноят ишлари кўриб чиқилди. Унда 10 нафар маҳкум ЖК нинг 73-моддасига асосан муддатидан илгари шартли озод қилинди.


Фуқаро Турсуной Камолованинг муқаддам судланганлиги келажакда оила аъзоларига таъсири хусусидаги мурожаати масъуллар томонидан эшитилди ва Жиноят ишлари бўйича Миришкор туман суди томонидан унинг судланганлиги ҳуқуқий оқибатга эга эмаслиги ҳамда судланмаган ҳисобланиши тўғрисида маълумот тақдим этилди.
Бундан ташқари, фуқаро Сапарбой Ҳайитовнинг унга нисбатан ЙҲХБ томонидан қўлланилган 6 миллион 630 минг сўмлик жарима жазосининг миқдорини камайтириш ҳақидаги илтимосномаси сайёр суд тартибида кўриб чиқилиб, жавобгарликка тортиш муддати ўтиб кетганлиги сабабли МЖтКнинг 271-моддаси 7-бандига асосан маъмурий иш юритувдан тугатилди.
Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири