086-шаклдаги тиббий маълумотномани онлайн юклаб олса бўлади
Энди тиббий маълумотномани олиш учун шифохонага қайта бориш ва навбатларда туришингиз шарт эмас.
Чунки, my.gov.uz порталининг "Соғлиқни сақлаш" бўлими орқали 086-шаклдаги тайёр маълумотномани онлайн юклаб олиш имконияти яратилди.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизматининг маълум қилишича, бу турдаги маълумотнома қуйидаги тоифадаги фуқароларга тақдим этилади:
– ОТМ, лицей ва коллежларга ҳужжат топширувчи абитуриентлар;
– спортчилар ва ишга кирувчи номзодлар;
– судьялик лавозимига тайинланадиганлар;
– “Мурувват” ва “Саховат” уйларига йўлланма олувчи кексалар ҳамда ногиронлиги бўлган шахслар.
Маълумотномани онлайн юклаб олиш учун my.gov.uz порталига кирилади ва “Соғлиқни сақлаш” бўлимига ўтилади, “086-shakldagi tibbiy ma’lumotnomani olish” хизмати танланиб, ҳужжат юклаб олинади.
Дарвоқе, маълумотнома порталда шаклланиши учун фуқаро аввал тегишли тиббиёт муассасасида шифокорлар кўригидан ўтган бўлиши лозим. Шифокорлар хулосаси базага киритилгач, ҳужжатни масофадан туриб бепул олишингиз мумкин.
М.Қосимова,
ЎзА