Мустақил фикрлайдиган инсонни шакллантириш – асосий вазифа
Жиззах вилояти Пахтакор туманидаги 7-мактабнинг ёш ўқитувчиси Маҳфуза Райхонова аттестацияда энг юқори — 100 балл натижага эришди.
Бугун таълим соҳаси олдида турган энг катта вазифа ўқувчини тайёр билим билан таъминлаш эмас, балки уни мустақил фикрлайдиган, изланадиган ва қарор қабул қила оладиган шахсга айлантиришдир. Маҳфуза Райхонованинг таълимга ёндашуви айнан шу тамойилга таянади. У таълим жараёнини жонли мулоқот, интерактив усуллар ва мантиқий мушоҳада билан бойитиш орқали дарсни оддий мажбурият эмас, балки кашфиётга айлантиришга интилади. “Замонавий ўқитувчи билим берувчи эмас, йўналтирувчи”, деган фикри унинг педагогик позициясини аниқ белгилаб беради.
Тайёргарлик жараёнида тестлар билан ишлаш, айниқса, хатоларни чуқур таҳлил қилиш устувор аҳамият касб этди. Бу усул билимни мустаҳкамлаш баробарида фикрлаш тезлиги ва аниқлигини оширишга хизмат қилади. Аввал мураккаб туюлган саволларнинг вақт ўтиши билан осонлашиб бориши эса меҳнат ва такрорлашнинг табиий самарасидир. Бунда тўғри танланган стратегия — аввал осон саволларни бажариб, сўнг мураккабларига ўтиш муҳим омил бўлди.
Педагогик фаолиятда, айниқса, баҳоловчи синовлар жараёнида психологик барқарорлик ҳам ҳал қилувчи ўрин тутади. Илм ва тажриба билан бир қаторда, ички хотиржамлик, ўз-ўзига ишонч ва ҳаяжонни бошқара олиш қобилияти юксак натижаларга йўл очади. Маҳфуза Райхонова бу жиҳатни алоҳида таъкидлаб, билим ва руҳий тайёргарлик уйғунлигини муваффақиятнинг асосий шарти сифатида кўради.
Эришилган 100 балл натижа унинг фаолиятида янги босқичнинг ибтидоси сифатида намоён бўлмоқда. Бу ютуқ ёш педагогнинг ўз имкониятларига бўлган ишончини мустаҳкамлаб, янада юксак марралар сари интилишга ундамоқда. Энг муҳими, бу мисол орқали таълим тизимида изчил меҳнат, аниқ мақсад ва тўғри методиканинг қандай самара бериши яна бир бор ўз тасдиғини топмоқда.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА