Зукколик ва топқирликларини кўрсатишди
Тошкент ҳарбий округи тасарруфидаги Мирзаобод туманида жойлашган Сафарбарлик чақирув резерви батальонида ҳарбий хизматни ўтаётган ёш аскарлар ўртасида «Қувноқлар ва зукколар» кўрик-танлови ташкил этилди. Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Сирдарё вилояти Кенгаши ҳамкорлигида ўтказилган тадбир аскарларнинг билим ва салоҳияти, топқирлиги, ҳозиржавоблиги ҳамда ижодий қобилиятларини намоён этиш майдонига айланди.
Ҳарбий хизмат нафақат жисмоний чиниқиш ва ҳарбий кўникмаларни эгаллаш, балки ирода, интизом, масъулият ва жамоада ҳамжиҳатликда ҳаракат қилишни ҳам талаб этади. Шу маънода, бундай маънавий-маърифий тадбирлар ёш аскарларнинг дунёқарашини кенгайтириш, улардаги иқтидор ва ташаббусларни қўллаб-қувватлаш, бўш вақтларини мазмунли ташкил этишда муҳим аҳамият касб этади.

Беллашувда тўртта жамоа ўзаро куч синашди. Иштирокчилар мантиқий саволлар, саҳнавий чиқишлар ва турли қизиқарли шартлар орқали ўзларининг билимдонлиги, зукколиги ва ҳозиржавоблигини намойиш этдилар. Жамоаларнинг ўзига хос чиқишлари, самимий ҳазил-мутойиба ва кутилмаган жавоблар тадбирга кўтаринки кайфият бағишлади.

Танлов давомида аскарлар нафақат шахсий қобилиятларини, балки жамоа билан ишлаш, бир-бирини қўллаб-қувватлаш ва умумий мақсад сари интилиш маҳоратини ҳам кўрсатдилар. Соғлом рақобат ва дўстона муҳитда кечган беллашув иштирокчиларнинг ўзаро ҳамжиҳатлигини янада мустаҳкамлашга хизмат қилди.

Ҳакамлар ҳайъати баҳоларига кўра, «Калибр» жамоаси танлов ғолиби деб топилди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири