Кино санъатимизга эътибор — миллий руҳият ва маданиятга эътибор
Шу йил 26 октябрь куни давлатимиз раҳбари “Ўзбекфильм” киностудиясида киноижодкорлар билан учрашув ўтказиб, соҳадаги ютуқлар, муаммолар ва келгусидаги вазифалар ҳақида батафсил тўхталиб ўтди. Миллий кино санъатимизни янада ривожлантиришга қаратилган қатор таклиф ва ташаббусларни илгари сурди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Фан, таълим, маданият, спорт ва ёшлар масалалари қўмитаси раиси ўринбосари, бастакор, профессор Ойдин Абдуллаева бу бўйича ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди:
— Кино санъати миллат учун маданий мероснинг муҳим қисми, миллий ўзликни сақлаш воситаси ва маънавий ҳаётнинг аксидир. У тарихий хотирани сақлаш, миллий қадриятлар, тил, анъана ва урф-одатларни авлоддан-авлодга етказиш, миллий ўзликни англаш туйғусини шакллантириш ҳамда ёш авлодни тарбиялашга ёрдам беради. Кино орқали халқ ўз тарихини ҳикоя қилади, ўз идеалларини акс эттиради ва бошқа мамлакатларни ўз маданияти билан таништиради.

Президентимизнинг мамлакатимиз киноарбоблари билан учрашувида келтирилган маълумотлар кино соҳасига давлат томонидан кўрсатилаётган эътибор изчил кучайиб бораётганини кўрсатади. Жумладан, 2016 йилда фильмлар ишлаб чиқариш учун давлат бюджетидан 10 миллиард сўм ажратилган бўлса, жорий йилда бу кўрсаткич 218 миллиард сўмга етгани қайд этилди.
Бироқ, давлат маблағларининг кўпайиши ўз-ўзидан сифатли ва томошабоп фильмлар кўпайишини англатмайди. Бу маблағлар самарали механизмлар асосида йўналтирилиши, ижодий рақобатни кучайтириши ва ҳар бир лойиҳанинг бадиий қиймати ҳамда жамоатчиликка таъсирини оширишга хизмат қилиши зарур.
Шу жиҳатдан, Президентимиз томонидан кино соҳасини бошқариш, молиялаштириш ва фильм ишлаб чиқариш вазифаларини аниқ белгилаш, Кинематография агентлиги ўрнига давлат сиёсатини юритиш ваколатларини Маданият вазирлигига ўтказиш, вазирликда Кино санъати департаментини ташкил этиш бўйича билдирилган ташаббуслар муҳим аҳамиятга эга.
“Ўзбекфильм”нинг замонавий бизнес модели асосида ишлайдиган миллий кинокомпания сифатида қайта ташкил этилиши, фильм ишлаб чиқаришни хусусий секторга ўтказиш, лойиҳаларни танлаш, молиялаштириш, тарғиб қилиш ва халқаро бозорларга олиб чиқиш вазифаларини бир тизимга бирлаштириш ташаббуси принципиал аҳамиятга эга. Бу ерда гап фақат ташкилий ўзгариш ҳақида эмас, балки кино соҳасидаги муносабатларнинг мазмунан янгиланиши, давлатнинг ижодий жараёнга ёндашуви ўзгариши ва хусусий сектор учун кенг йўл очилишини англатади.
Учрашувда кино лойиҳаларини молиялаштиришнинг амалдаги давлат буюртмаси ва хариди тизимида муаммолар мавжудлиги очиқ айтилди. Бир режиссёрга олтитагача, бир муаллифга еттитагача лойиҳа бириктирилиши, буюртмаларнинг катта қисми давлат студияларига берилиши ва ишни тезроқ якунлашга устуворлик берилиши ижодий жараён сифатига салбий таъсир кўрсатиши мумкинлиги таъкидланди.
Санъат асарини оддий товар сифатида баҳолаш мумкин эмас. Фильм яратиш жараёнида ғоя шаклланади, сценарий такомиллашади, қаҳрамонлар характери очилади, ижодий ечимлар қайта кўриб чиқилади. Бундай жараённи фақат олдиндан белгиланган техник талаблар билан чеклаш санъатнинг табиатига зид келади.
Шунинг учун давлат буюртмаси амалиётидан субсидия асосида қўллаб-қувватлаш тизимига ўтиш ташаббуси миллий кино ривожи учун янги имкониятлар эшигини очади. Давлатнинг вазифаси муайян ижодий натижани маъмурий тарзда буюртма қилиш эмас, балки истеъдодли ижодкорлар учун муносиб муҳит яратиш, истиқболли лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш ва миллий маданият манфаатларига хизмат қиладиган ташаббусларга кўмаклашишдан иборат бўлиши керак.
Президентимизнинг “Томошабин кинодан, кинозалларга боришдан воз кечгани йўқ, фақат унинг диди ва талаби ўзгарди”, деган фикри кино соҳасидаги ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини очиб беради. Дарҳақиқат, бугунги томошабиннинг ахборот олиш ва ҳордиқ чиқариш имкониятлари анча кенгайган. У жаҳон кинематографиясининг энг яхши намуналарини кўриш, турли жанрлар ва услублар билан танишиш имкониятига эга. Демак, миллий кино ҳам бадиий сифат, сценарий мукаммаллиги, актёрлар маҳорати, режиссёрлик ечими ва техник ижро жиҳатидан замон талабларига жавоб бериши керак.
Бугунги глобаллашув шароитида кинонинг жамият ҳаётидаги ўрни янада ортиб бормоқда. Президентимизнинг фарзандларимиз онги ва дунёқарашини ким ва қандай ҳимоя қилиши ҳақидаги саволни ўртага қўйгани бежиз эмас. Миллий маънавиятни асраш, ёш авлодни ватанпарварлик, бағрикенглик, меҳнатсеварлик ва инсонпарварлик руҳида тарбиялашда кино санъати муҳим ўрин тутади.
Бу вазифа хорижий маданият намуналарини инкор этиш ёки ёшларни ташқи дунёдан ажратишни англатмайди. Аксинча, ёшларимиз жаҳон маданиятининг энг яхши ютуқларини ўзлаштирган ҳолда, ўз миллий қадриятлари ва тарихий илдизларини чуқур англаб вояга етиши учун зарур маънавий муҳитни яратишни назарда тутади. Шу маънода, Президентимиз илгари сурган “Ўзлигимизни англаб, ўз ҳикоямизни ўз овозимиз билан дунёга айтиш” ғояси миллий кинонинг стратегик йўналишини белгилаб беради.
Бугун экранларда фақат тарихий шахслар ва ўтмиш воқеаларини эмас, балки замондошларимизнинг ҳам ҳаққоний қиёфасини акс эттиришимиз зарур. Ўқитувчи, шифокор, ҳарбий хизматчи ва қурувчи каби касб эгаларининг барчаси ҳаётий ва таъсирчан фильмлар учун муҳим мавзулардир.
Учрашувда “Ўзбекфильм” ҳудудида ягона индустриал кластер — “Ўзбекфильм кино шаҳарчаси”ни ташкил этиш ташаббуси ҳам илгари сурилди. Замонавий технологиялар билан жиҳозланган дубляж ва овозлаштириш марказининг барпо этилиши миллий кинонинг техник имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилади. Бундай инфратузилма кино ишлаб чиқаришнинг турли босқичларини бир маконда жамлаш, мутахассислар ҳамкорлигини кучайтириш, замонавий технологиялардан фойдаланиш ва халқаро стандартларга мос маҳсулотлар яратиш учун муҳим асос бўлади.
Миллий кинони ривожлантиришда профессионал таҳлил ва холис танқиднинг ўрни ҳам беқиёс. Шу нуқтаи назардан, “Киношунослар клуби”ни ташкил этиш, унинг Халқаро кинотанқидчилар федерацияси — FIPRESCIга аъзо бўлишига кўмаклашиш ташаббуси муҳим аҳамиятга эга.
Шу билан бирга, кино яратишда сунъий интеллект имкониятларидан кенг фойдаланиш бўйича ҳамкорлик дастурини ишлаб чиқиш ташаббуси замон талабларига мосдир. Бугунги кунда янги технологиялар сценарий устида ишлаш, визуал эффектлар яратиш, овозни қайта ишлаш, таржима ва дубляж жараёнларини такомиллаштириш каби йўналишларда янги имкониятларни очмоқда.
Бироқ, технологиянинг ўзи санъат асарини яратмайди. У ижодкорнинг билими, дунёқараши, истеъдоди ва тажрибасини тўлдирувчи восита бўлиб хизмат қилиши керак. Шунинг учун сунъий интеллектдан фойдаланиш билан бирга мутахассисларни тайёрлаш, касбий таълимни ривожлантириш, хорижий тажрибани ўрганиш ва муаллифлик ҳуқуқларига риоя этиш масалаларига ҳам эътибор қаратиш зарур бўлади.
Кино мамлакатнинг халқаро майдондаги маданий қиёфасини намоён этадиган энг таъсирчан воситалардан биридир. Ўз тарихи, маданияти ва миллий қаҳрамонларини жаҳон экранларида муносиб акс эттирган мамлакатнинг халқаро нуфузи ҳам ортади. Шу маънода, миллий кинематографияни ривожлантириш маданий сиёсат билан бирга, мамлакатимизнинг ижобий халқаро имижини мустаҳкамлашга хизмат қилувчи омилдир.
Тошкентда Марказий Осиё ва Кавказ киноижодкорларини тақдирлаш маросимининг ўтказилиши, Гулчеҳра Жамилованинг “Меридиан” мукофотига сазовор бўлиши миллий кино санъатимизга бўлган эътиборнинг муҳим кўринишларидир. Бундай ташаббуслар халқаро ҳамкорликни кенгайтириш, миллий ижодкорларнинг тажриба алмашиши ва ўзбек фильмларининг хорижий аудиторияга етиб бориши учун янги имкониятлар яратади.
Президентимизнинг “Ўзбекфильм” киностудиясидаги учрашуви миллий кино санъатини ривожлантиришга янгича ёндашувни ифода этади. Миллий кинонинг келажаги, муваффақияти, аввало, ижодкорнинг истеъдоди, ҳалол меҳнати, эркин фикри ва ўз халқига бўлган муҳаббати билан белгиланади. Соҳада муносиб ташкилий, иқтисодий ва ижодий шароит уйғунлашгандагина томошабин қалбидан жой оладиган, миллий ғуруримизни юксалтирадиган ва жаҳон экранларида муносиб ўрин эгаллайдиган фильмлар яратилади.
Муҳтарама Комилова ёзиб олди.
ЎзА