Зўравонликдан жабрланган хотин-қизларни ҳимоя қилиш тизими такомиллаштирилди
Давлатимиз раҳбари 2026 йил 1 июлда “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига бола ҳуқуқларининг кафолатларини янада кучайтиришга ҳамда тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган хотин-қизларни ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунни имзолади.
Қонун билан айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Киритилган ўзгартиришларга кўра, боланинг энг устун манфаатлари тушунчаси ҳамда уни таъминлаш кафолатлари киритилди.
Боланинг энг устун манфаатлари халқаро шартномалар, Конституция ва қонунларда белгиланган боланинг оила ғамхўрлигида ўсиб-улғайиши, фаровонлиги, хавфсизлиги, соғлиғи, билим олиши, тўлақонли ва ҳар томонлама камол топиши, шахсий дахлсизлиги, шаъни, қадр-қиммати, фикрлаш, сўз ва эътиқод эркинлиги, ижтимоий, ахлоқий манфаатлари ҳамда боланинг ўзига хос хусусиятларидан келиб чиқиб, боланинг иштирокида ва унинг фикрини ҳисобга олган ҳолда белгиланадиган манфаатлар ҳисобланади.
Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги тизим ташкилотлари, хусусан, Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш марказларига тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчилар манфаатларини кўзлаб судларга давлат божи тўламасдан даъволар тақдим этиш, суд мажлисларида уларнинг вакили сифатида иштирок этиш ваколати берилди.
Бундан ташқари, тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчининг махсус марказларга жойлаштирилгани унга 1 ойгача бўлган муддатга вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик варақасини бериш учун асос бўлиши белгиланди.
Қонун расмий эълон қилинган кун – 2026 йил 2 июлдан кучга кирди.
Н.Абдураимова,
ЎзА