Зеленский сиёсий сирни нега ошкор қилди?
Украина Президенти Владимир Зеленский Шимолий Кореялик икки ҳарбий асир Сеулга топширилганини ошкор қилгандан кейин Жанубий Корея Киевдаги элчисини чақириб олишга қарор қилди. Дипломатик келишмовчиликка қарамай, Украина томони музокара орқали вазиятни юмшатишга тайёрлигини билдирган.
Сеул Киевни асирларни кўчириш тўғрисидаги махфий келишувини бузишда айблаяпти. Украина эса бундай келишувга рози бўлмаганини айтган. Корея Республикаси Президенти Ли Жэ Мён Киев узр сўрамаса, муайян жазо чораси кўрилишидан огоҳлантирди. Элчи Пак Ки Чанг қачон қайтарилиши аниқ эмас. Украина билан маслаҳатлашув давом этиши айтилган.
Асирлар Россиянинг Украинага қарши урушида Москва томонида қатнашган минглаб шимолий кореялик ҳарбийлар орасида эди. 2025 йил бошида қўлга тушган икки ҳарбий ватанига қайтарилса, таъқибга учрашидан хавотир билдириб, Жанубий Кореяда яшаш истагини билдирган. Сеул уларни қабул қилишга рози бўлган, чунки мамлакат қонунчилиги Шимолий Корея аҳолисини ҳам ўз фуқаролари сифатида кўришга асосланади.
Мутахассислар фикрича, ошкор этиш можароси Сеулнинг Пхеньян билан муносабатни яхшилаш ҳаракатига ҳам салбий таъсир қилиши мумкин. Айни пайт Украина билан ҳамкорлик Жанубий Корея учун Россия ва Шимолий Корея ҳарбий алоқалари ҳақида маълумот олиш нуқтаи назаридан муҳим ҳисобланади.
Мусулмон Зиё, ЎзА