Дунё мамлакатлари тажрибаси рақамларда: Олий маълумот юқори маош кафолатими?
Олий таълим муассасаси дипломига эга бўлиш бугунги меҳнат бозорида нафақат билим ва касбий салоҳият кўрсаткичи, балки юқорироқ даромад, кенгроқ имкониятлар ва барқарор келажак сари очиладиган муҳим эшиклардан биридир.
Табиийки, ёшлар ва ота-оналарни олий таълим билан боғлиқ бир савол кўпроқ қизиқтиради. ОТМ дипломи ҳақиқатан ҳам юқори маош кафолатини берадими? Дунё мамлакатлари тажрибаси бу саволга бир хил жавоб бермайди. Айрим давлатларда олий маълумотли мутахассислар даромади ўрта маълумотлиларга нисбатан бир неча баробар юқори бўлса, бошқа мамлакатларда бу фарқ анча кам. Халқаро таҳлиллар асосида “Naked science“ онлайн нашрида берилган қуйидаги маълумотлар айнан мазкур саволларга ойдинлик киритади.
Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти (OECD) ташаббуси билан 38 та мамлакатда яшовчи 25 ёшдан 64 ёшгача бўлган, тўлиқ иш куни ва йил давомида ишлайдиган ходимларга оид маълумотлар асосида таҳлил ўтказилди. Бунда олий маълумот деганда бакалавр, магистр ва докторлик даражалари назарда тутилган.
Таҳлил натижаларига кўра, 35 та мамлакатда олий маълумотли ходимлар ўрта маълумотга эга инсонларга нисбатан ўртача 54 фоиз кўпроқ маош олади.
Бироқ айрим мамлакатларда бу тафовут анча юқори. Масалан, Жанубий Африка Республикасида олий маълумотга эга ходимнинг иш ҳақи ўрта маълумотли ходимга нисбатан ўртача 205,8 фоизга юқори ҳисобланади. Бу тадқиқотдаги энг катта кўрсаткичдир.
Колумбияда олий маълумотли ходимлар ўрта маълумотлиларга нисбатан 149,8 фоиз, Бразилияда 137,6 фоиз, Чилида эса 106,4 фоиз кўпроқ даромад олади.

Олий маълумотлиликнинг иш ҳақига таъсири бир қатор Европа мамлакатларида ҳам юқори. Хусусан, Коста-Рикада бу кўрсаткич 93,2 фоизни, Венгрияда 76,4 фоизни, Португалияда 75,4 фоизни ташкил этади. Перуда 75 фоиз, Болгарияда эса 74,01 фоизга тенг.
АҚШда ҳам олий маълумотли ходимлар ўрта маълумотга эга ишчиларга қараганда ўртача 69,8 фоиз кўпроқ маош олади.
Қизиғи шундаки, айрим ривожланган мамлакатларда олий маълумот диплом ва ўрта маълумот дипломли ходим иш ҳақи ўртасидаги тафовут нисбатан кам. Масалан, Норвегияда олий маълумотли ходимлар ўрта маълумотлиларга нисбатан 17 фоиз кўпроқ ойлик олади. Данияда бу фарқ 22,5 фоиз, Швецияда 25,2 фоиз, Жанубий Кореяда эса 30,3 фоизни ташкил этади.
Бу рақамлар олий маълумотнинг иқтисодий қиймати мамлакатлар меҳнат бозори, иш ҳақи тизими ва малакали мутахассисларга бўлган талабга қараб ўзгаришини кўрсатади.
Хулоса қилиб айтганда, олий маълумотлилик бугунги меҳнат бозорида нафақат билим ва касбий салоҳият кўрсаткичи, балки юқорироқ даромад, кенгроқ имкониятлар учун қўйилган пойдевор ҳисобланади.
Дунё тажрибаси ҳам олий маълумотли инсонлар кўплаб мамлакатларда ўрта маълумотлиларга нисбатан сезиларли даражада кўпроқ даромад топишини кўрсатмоқда. Бироқ дипломнинг ўзи юқори маош учун кафолат бўла олмайди. Юқори даромаднинг замирида нафақат ўзлаштирилган таълим, балки ўша билимни амалиётда қўллай олиш, ўзгарувчан шароитларга мослашиш ва доимий интилиш туради.
Зуҳра МИРЗАБОЕВА, ЎзА