Янги ўқув йилига янги имкониятлар билан
Чирчиқ шаҳридаги 18-сонли умумий ўрта таълим мактаби ўқувчилари учун янги ўқув йили қувончли янгилик билан бошланди. Мазкур таълим даргоҳининг моддий-техник базасини янада мустаҳкамлаш, ўқувчилар учун замонавий таълим имкониятларини кенгайтиришга қаратилган муҳим ташаббус амалга оширилди.
Хусусан, Чирчиқ шаҳар ҳокими Муроджон Абдураҳимов томонидан мактабда электрон кутубхона ташкил этиш учун 100 миллион сўмлик ваучер топширилди. Замонавий электрон кутубхона ўқувчиларнинг рақамли таълим ресурслари, электрон адабиётлар ва турли ахборот манбаларидан фойдаланиш имкониятини кенгайтиради. Бу эса ёшларнинг китоб мутолаасига қизиқишини ошириш, мустақил таълим олиш кўникмаларини шакллантириш ҳамда дарс жараёнини қўшимча ва замонавий ресурслар билан бойитишга хизмат қилади.
Айниқса, бугунги кунда таълим жараёнида рақамли технологиялардан самарали фойдаланиш муҳим аҳамият касб этаётгани инобатга олинса, электрон кутубхона мактаб ўқувчилари учун муҳим таълимий майдонга айланиши кутилмоқда.

Таъкидлаш жоизки, 18-сонли умумий ўрта таълим мактаби янги ўқув йилига нафақат янги имкониятлар, балки янгиланган қиёфа билан қадам қўйди. Таълим муассасасида реконструкция ишлари амалга оширилиб, ўқувчилар учун янада қулай ва замонавий шароитлар яратилди.
Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда сўзга чиққанлар ўқувчилар, устоз ва мураббийлар ҳамда ота-оналарни Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги ва янги ўқув йили бошлангани билан самимий муборакбод этди. Халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгаши раиси Сайёра Файзиева ҳам ёшларга ўз тилакларини билдирди.

Янги ўқув йилини замонавий шароитлар, янгиланган муҳит ва электрон таълим имкониятлари билан бошлаётган мактаб жамоаси олдида энди янги мақсадлар, юқори натижалар ва улкан марралар турибди. Бу жараёнда янги қулайликларнинг яратилганидан барча хурсанд.
А.Мусаев,ЎзА