“Заковат” интеллектуал ўйинлари ғолиблари пул мукофоти билан тақдирланди
Мамлакатимизда ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, уларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш ва маҳаллаларда билимлар беллашуви муҳитини шакллантириш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Шу мақсадда “Беш ташаббус олимпиадаси” доирасида анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган маҳалла ёшлари ўртасидаги “Заковат” интеллектуал мусобақасининг республика босқичи ўз якунига етди.
Юртимизнинг барча ҳудудларидан энг билимдон ва шижоатли ёшларни бирлаштирган ушбу йирик беллашув шиддатли баҳслар ва кутилмаган натижаларга бой бўлди. Кескин курашлар остида ўтган ҳал қилувчи босқичда қуйидаги жамоалар совринли ўринларни эгаллади.

Жумладан, 1-ўринни Тошкент вилояти Чиноз тумани “Тонг юлузи” МФЙ жамоаси эгаллади. 2-ўрин Сирдарё вилояти Сардоба тумани “Қўрғонтепа” МФЙ жамоасига ҳамда 3-ўрин Андижон вилояти Булоқбоши тумани “Қақир” МФЙ жамоасига насиб қилди.

Ушбу жамоалар диплом, медаллар ҳамда пул мукофотлари билан тақдирланди.
Г.Бобоева,
ЎзА