Фармацевтика сифатини назорат қилиш тизимида муҳим ютуққа эришилди
«Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази» давлат муассасасининг Синов маркази ЎзМСт ISO/IEC 17043:2025 талаблари асосида малака синовлари провайдери сифатида аккредитациядан ўтди. Бу ҳақда Марказ матбуот хизмат хабар берди.
Аккредитация натижаларига кўра, Синов марказига O‘ZAK.MP.0007 аккредитация рақами берилди ва у Ўзбекистон миллий аккредитация тизими реестрига киритилди.
Мазкур аккредитация Синов марказининг малака синовларини белгиланган талаблар асосида режалаштириш, ташкил этиш, ўтказиш ҳамда натижаларини баҳолаш бўйича компетентлигини тасдиқлайди. Бу эса фармацевтика лабораториялари фаолиятини холис баҳолаш, синов натижаларининг ишончлилиги ва таққосланувчанлигини ошириш, мамлакатимиз лабораторияларининг малака синовларида иштирок этиш имкониятларини кенгайтириш, шунингдек, халқаро малака синовлари дастурларини ташкил этиш ва уларда хорижий лабораториялар иштирокини кенгайтиришга хизмат қилади.
Мазкур натижа Ўзбекистонда фармацевтика маҳсулотлари сифатини назорат қилиш тизимини халқаро стандартлар асосида янада такомиллаштириш, лабораториялар компетентлигини ошириш ва ушбу йўналишдаги халқаро ҳамкорликни ривожлантириш йўлидаги муҳим қадамлардан биридир.
М.Қосимова, ЎзА