Заъфарон гулбаргларидан қимматли маҳсулотлар
Бахмалда заъфаронни чуқур қайта ишлаш орқали эфир мойи ва гидролат ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Бу ташаббус ноёб ўсимлик хомашёсидан самарали фойдаланиш ва унинг иқтисодий салоҳиятини оширишда янги имкониятлар очмоқда.
Жиззах вилоятининг Бахмал туманидаги “BMB Holding” компанияси заъфарон майдонларида гул терими ва қайта ишлаш жараёнлари янги босқичга кўтарилди. Илгари асосий эътибор гулнинг энг қимматли қисми – қизил стигмаларни ажратиб олиш, қуритиш ва бозорга тайёрлашга қаратилган бўлса, энди гулбарглар ҳам ишлаб чиқариш жараёнига жалб этилмоқда.


Янги технология асосида гулбарглардан эфир мойи ва парфюмерия ҳамда косметика саноатида қўлланиладиган гидролат олиш йўлга қўйилди. Шу тариқа, заъфароннинг илгари етарлича иқтисодий қийматга эга маҳсулот сифатида ишлатилмаган қисми ҳам қўшимча даромад манбаига айланмоқда.


Бу жараённинг аҳамияти шундаки, хомашёни чуқур қайта ишлаш маҳсулот турларини кўпайтириш билан бирга, унинг ҳар бир қисмидан оқилона фойдаланиш имконини беради. Эфир мойи тиббиёт ва парфюмерия саноати учун истиқболли хомашё бўлса, гидролат косметик воситалар ишлаб чиқаришда қўлланилиши мумкин.


Заъфарон стигмаларини тайёр маҳсулот сифатида ички ва ташқи бозорларга етказиб бериш билан бир қаторда, гулбаргларни қайта ишлашни ҳам йўлга қўйиш корхона фаолиятида қўшимча қиймат яратишга хизмат қилади. Энг муҳими, бу ёндашув маҳаллий хомашёнинг имкониятларини тўлароқ ишга солиш, маҳсулот турларини кенгайтириш ва янги бозорларга чиқиш учун мустаҳкам замин яратади.
Абдужалол Қаюмов,
ЎзА мухбири