Қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди
Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва замонавий агротехнологияларни жорий этиш халқаро ҳамкорликнинг муҳим йўналишларидан ҳисобланади.
Бу борада тажриба алмашиш ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш Ўзбекистон ва Миср учун янги имкониятлар яратади.
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлигида Миср Қишлоқ хўжалиги тадқиқотлари маркази делегацияси билан ўтказилган учрашувда шу ҳақда сўз борди.
Мулоқотда қишлоқ хўжалиги, чорвачилик ва ветеринария соҳаларида қўшма ташаббусларни амалга ошириш, илмий-тадқиқот муассасалари ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш ҳамда илғор тажрибаларни жорий этиш масалалари муҳокама қилинди. Шунингдек, озиқ-овқат хавфсизлиги, сув ресурсларини бошқариш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш борасида тажриба алмашиш имкониятлари кўриб чиқилди.
Чорвачиликда фермер хўжаликлари самарадорлигини ошириш, сут ва гўшт маҳсулотлари сифатини яхшилаш, қўйчиликни ривожлантириш, ветеринария касалликларининг олдини олиш ва зарур дори воситаларини етказиб бериш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, Қашқадарё вилоятида яйловлар майдонини кенгайтириш ва фойдаланилмаётган ерларни қишлоқ хўжалиги айланмасига киритиш бўйича таклифлар кўриб чиқилди. "UzAgroStar Holding" компаниясининг лойиҳалари ва истиқболдаги режалари тақдим этилиб, аграр соҳада ўзаро манфаатли ташаббусларни амалга ошириш имкониятлари муҳокама қилинди.
Вазирлик ахборот хизмати маълумотига кўра, учрашув якунида томонлар ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Н.Зиёдуллаева,
ЎзА