Юртимизда илк бор бизнесни рўйхатга олиш тадбири ўтказилади
Жорий йил 15 октябрь – 30 ноябрь кунлари ўтказиладиган бизнесни рўйхатга олиш тадбирида Самарқанд вилоятидаги 167 мингга яқин тадбиркорлик субъекти, 508 мингдан ортиқ ўз ўзини банд қилган жисмоний шахсларни рўйхатга олиш режалаштирилмоқда.
Самарқанд вилояти матбуот уйида давлатимиз раҳбарининг шу йил 10 сентябрдаги “Статистикани ривожлантириш – 2030” миллий стратегиясини тасдиқлаш ҳамда рўйхатга олиш маълумотларидан самарали фойдаланишни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони мазмун-моҳияти ва ушбу ҳужжат асосида ўтказиладиган бизнесни рўйхатга олиш тадбири ҳақида сўз юритилди.
Миллий статистика қўмитаси ва Самарқанд вилояти статистика бошқармаси масъуллари мазкур ҳужжат миллий статистика тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш, маълумотларнинг аниқлиги ва шаффофлигини таъминлаш, статистик маълумотларни интеграциялаш ва рақамли технологияларни кенг жорий этишга қаратилганини таъкидлади.
– Келгуси беш йилда статистика тизимини халқаро стандартларга мослаштириш, аҳоли ва қишлоқ хўжалиги статистик регистрларини шакллантириш, тадбиркорлик субъектлари учун ҳисобот юкини камайтириш вазифалари белгиланган, – деди Самарқанд вилояти статистика бошқармаси бошлиғи Шерзод Қудратов. – Фармонда сунъий интеллект, рақамлаштириш, “ақлли” сўровлар, регистрлар ва маъмурий маълумотлардан кенг фойдаланиш орқали статистик кузатувларни такомиллаштиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилган. 2030 йилгача статистика ҳисоботи шаклларини 47 тадан 38 тага қисқартириш режалаштирилган. 2027 йил 1 июлга қадар “Маълумотларга асосланган бошқарув мактаби” ташкил этилиб, давлат идоралари масъул ходимларининг статистик маълумотлар билан ишлаш малакаси оширилади. Бу ва бошқа чора-тадбирларни амалга ошириш орқали 2030 йилга қадар Жаҳон банкининг Статистика самарадорлиги индексида Ўзбекистонни ҳозирги 62-ўриндан ТОП-50 давлат қаторига киритиш мақсад қилинган.

2026 йил январь-февраль ойларида ўтказилган аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш натижаларидан фойдаланган ҳолда республикада илк бор аҳоли ва қишлоқ хўжалигининг статистик регистрларини шакллантириш кўзда тутилмоқда. Шунингдек, 2026-2027 йилларда бизнесни рўйхатга олиш ҳамда аёллар ва болаларнинг ҳолати, саломатлиги, таълими ва яшаш шароитларини ўрганишга қаратилган мультииндикатор кластер кузатувларининг 7-раунди ўтказилади.
Матбуот анжуманида бизнесни рўйхатга олиш жараёнига алоҳида тўхталиб ўтилди. Маълум қилинишича, Ўзбекистон ҳудудида бизнесни рўйхатга олиш шу йил 15 октябрь - 30 ноябрь кунлари ўтказилади. Бунда 2026 йил 1 октябрь ҳолатидаги рақамлар эътиборга олинади. Мазкур жараёнда мамлакатимизда фаолият юритаётган барча иқтисодий бирликлар тўлиқ хатловдан ўтказилиб, уларнинг сони, таркиби, иқтисодиёт тармоқлари бўйича тақсимоти ва фаолият ҳолатига аниқлик киритилади.

– Рўйхатга олиш жараёнида йирик ва кичик корхоналар, тадбиркорлик субъектлари, якка тартибдаги тадбиркорлар, ўзини ўзи банд қилган шахслар, норасмий фаолият юритаётган субъектлар, деҳқон ва фермер хўжаликларини қамраб олиш кўзда тутилган, – дейди Самарқанд вилояти статистика бошқармаси бўлим бошлиғи Фирдавс Шукуров. – Шу йил 1 сентябрь ҳолатида вилоятда 166 минг 826 та тадбиркорлик субъекти фаолият юритмоқда. Уларнинг 82 минг 508 таси юридик мақомдаги корхона ва ташкилотлар бўлса, 84 минг 318 таси якка тартибдаги тадбиркорлардир. Вилоятда, шунингдек, 508 минг 896 нафар ўзини ўзи банд қилган жисмоний шахс мавжуд. Рўйхатга олиш жараёни бошлангач, бу кўрсаткичлар 1 октябрь ҳолатига янгиланади. Бизнесни рўйхатга олиш мамлакатда фаолият юритаётган иқтисодий бирликлар тўғрисида тўлиқ, аниқ ва ишончли маълумотлар базасини шакллантириш, иқтисодиётнинг реал ҳолатини баҳолаш ҳамда ҳудудлар ва тармоқларда тадбиркорлик фаолиятини ўрганиш имконини беради. Шакллантириладиган маълумотлар кейинчалик ҳудудларнинг иқтисодий салоҳиятини баҳолаш ва ижтимоий-иқтисодий ривожланиш бўйича қарорлар қабул қилишда муҳим ахборот манбаи бўлиб хизмат қилади.
Бизнесни рўйхатга олиш республика миқёсида илк бор ўтказилаётгани сабабли, уни сифатли ташкил этишга жиддий тайёргарлик кўрилмоқда. Халқаро тажриба ва тавсиялар ўрганилиб, ҳудудларда жараёнда иштирок этадиган маҳалладаги ҳоким ёрдамчилари ҳамда бозор маъмурияти ходимларини ўқитиш ишлари олиб борилмоқда.
Матбуот анжумани давомида масъуллар мавзу юзасидан журналистларни қизиқтирган саволларга жавоб берди.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири