Ўзбекистонда 40 ёшдан катта талабалар сони 53 мингдан ошди
Юртимизда олий таълим соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган талабалар сони йилдан-йилга ошиб бормоқда.
Бунда хусусий ОТМларга фаолиятига кенг ўрин берилаётгани, барча олийгоҳларда квоталарнинг кўпайтирилаётгани, шунингдек, хотин-қизлар таълими учун имконият ва имтиёзлар яратилаётгани муҳим аҳамият касб этмоқда.
Соҳадаги ушбу саъй-ҳаракатлар натижасида нафақат ёшлар, балки ёши катталар ўртасида ҳам олий таълимга эга бўлиш иштиёқини оширмоқда.
Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, Ўзбекистонда 2025/2026 ўқув йилида олий таълим ташкилотларида таҳсил олаётган 40 ёш ва ундан катта талабалар сони 53 минг 483 нафарни ташкил этган.
Бу кўрсаткич 2010/2011 ўқув йилига нисбатан 52 минг 867 нафарга ошган. Жумладан, 40 ёш ва ундан катта талабалар сони 2010/2011 ўқув йилида 616 нафар бўлган бўлса, 2020/2021 ўқув йилида 10 минг 110 нафар, 2021/2022 ўқув йилида 10 минг 531 нафар, 2022/2023 ўқув йилида 20 минг 247 нафар, 2023/2024 ўқув йилида 36 минг 113 нафар, 2024/2025 ўқув йилида 44 минг 22 нафар, 2025/2026 ўқув йилида эса 53 минг 483 нафарни ташкил этган.
Бу рақамлар олий таълимга қаратилаётган эътибор ҳамда яратилаётган имкониятлар натижасини ўзида намоён қилади.
Шу ўринда таъкидлаш лозимки, «Ўзбекистон — 2030» Стратегиясида олий таълим билан қамровни кенгайтириш, олий маълумотли мутахассислар тайёрлаш сифатини ошириш борасида бир қатор вазифалар белгиланган. Хусусан, ёшларни олий таълим билан қамраб олиш даражасини камида 50 фоизга етказиш кўзда тутилган.
Шунингдек, 30 та олий таълим муассасасининг таълим дастурларини халқаро аккредитациядан ўтказиш, «Топ-500»га кирадиган хорижий университетлар билан ҳамкорликда камида 50 та қўшма таълим дастури асосида «икки дипломли тизим»ни жорий этиш мақсадлари назарда тутилган. Юртимизда олий таълим соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган талабалар сони йилдан-йилга ошиб бормоқда. Бунда хусусий ОТМларга фаолиятига кенг ўрин берилаётгани, барча олийгоҳларда квоталарнинг кўпайтирилаётгани, шунингдек, хотин-қизлар таълими учун имконият ва имтиёзлар яратилаётгани муҳим аҳамият касб этмоқда.
Муҳтарама Комилова, ЎзА