Юрт тараққиётига ҳисса қўшганлар эътироф этилди
Меҳнатнинг қадр топиши инсонга куч, ишонч ва янги мақсадлар сари интилиш учун руҳ бағишлайди. Айниқса, йиллар давомида ўз касбига садоқат билан хизмат қилиб, юрт тараққиёти ва жамият равнақига муносиб ҳисса қўшаётган инсонларнинг давлат томонидан юксак эътироф этилиши нафақат шараф, балки зиммадаги масъулиятни янада оширади.
Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги арафасида Сирдарё вилоятида ана шундай фидойи юртдошларнинг меҳнати муносиб қадрланди. Вилоят ҳокимлигида бир гуруҳ сирдарёликларга давлат мукофотлари ва эсдалик нишонларини тантанали топшириш маросими бўлиб ўтди.
Президент фармонига мувофиқ, вилоятнинг турли соҳаларида самарали меҳнат қилиб келаётган 18 нафар сирдарёлик орден ва медаллар билан тақдирланди. Шунингдек, 948 нафар юртдошимизга Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 35 йиллиги эсдалик нишонлари топширилди.
Мукофотланганлар орасида таълим, тиббиёт, қишлоқ хўжалиги, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, маҳалла ва жамоатчилик соҳалари вакиллари бор. Уларнинг ҳар бири ўз фаолият йўналишида сидқидилдан меҳнат қилиб, аҳоли фаровонлиги, ҳудуд тараққиёти ва жамият равнақига муносиб ҳисса қўшиб келмоқда.
Тантанали маросимда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, нуронийлар, меҳнат фахрийлари, фаол ёшлар, мукофот соҳиблари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этишди.
[gallery-31081]
Тадбирда таъкидланганидек, давлат мукофоти — инсоннинг муайян ютуғига берилган оддий баҳо эмас. Унинг замирида йиллар давомидаги изланиш, меҳнат, масъулият ва эл-юрт манфаати йўлидаги фидойилик мужассам. Шу маънода, бугунги эътироф ҳар бир мукофот соҳибининг ўз касбига бўлган садоқатига берилган юксак баҳодир.
Вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов мукофотланганларни Мустақиллик байрами билан самимий қутлаб, уларнинг меҳнати ва фидойилиги юксак эътирофга муносиб эканини қайд этди.
— Бугунги мукофотлар, аввало, юртимиз тараққиёти йўлида сидқидилдан меҳнат қилаётган инсонларга билдирилган юксак эътибор ва ишончнинг ифодасидир. Сизларнинг ҳар бирингиз ўз соҳангизда самарали меҳнат қилиб, жамиятимиз ривожига муносиб ҳисса қўшиб келмоқдасиз. Бу эътироф янги марралар сари интилишингизга куч ва рағбат бағишласин, — деди вилоят ҳокими.
Шундан сўнг давлат мукофотлари ва эсдалик нишонлари ўз эгаларига тантанали равишда топширилди.
Улар орасида II даражали «Соғлом авлод учун» ордени билан тақдирланган Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт марказининг Сирдарё вилояти ҳудудий филиали бўлим мудири Назира Тўраева ҳам бор.
— Бундай юксак эътироф мен учун катта шараф ва масъулиятдир. Бугун тиббиёт соҳасига қаратилаётган эътибор ҳар бир шифокор зиммасига янада катта масъулият юклайди. Билдирилган ишончни оқлаш, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш ва беморларга сифатли тиббий ёрдам кўрсатиш йўлида бор билим ва тажрибаларимни сафарбар этаман, — деди Назира Тўраева.
Эътироф эса инсонни тўхтатиб қўймайди. Аксинча, уни янада масъулиятли бўлиш, янги ташаббусларни илгари суриш ва ўз соҳасида янада юқори натижаларга эришишга ундайди.
Сирдарёлик мукофот соҳибларининг бугунги эътирофи ҳам ана шу эзгу мақсадларга хизмат қилиб, уларни янги марралар сари илҳомлантириши шубҳасиз.
Ғулом Примов,
Умид Обиджонов (сурат) ЎзА