ЎзХДП: жамиятдаги ижтимоий-сиёсий жараёнларда фаол иштирок этмоқда
Андижонда Ўзбекистон Халқ демократик партияси ташкил топганлигининг 35 йиллигига бағишланган байрам тадбири бўлиб ўтди.
Тадбирда нуронийлар, депутатлар, партия фаоллари, партия фахрийлари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди. Унда Ўзбекистон халқ демократик партияси вилоят кенгаши раиси Мансурбек Мақсудов, партиянинг фахрий аъзолари Абдулҳамид Нурматов, Ўзбекистон Қаҳрамони Шукуржон Маматқулов ва бошқалар партиянинг шонли тарихи ва бугуни, ўзига хос анъаналари, жамиятдаги ислоҳотлар, ижтимоий-сиёсий жараёнлардаги фаол иштироки, шунингдек, партия томонидан олиб борилаётган ишлар хусусида сўз юритди.
Тадбирда партия томонидан кейинги йилларда юртимиз тараққиёти, жамият ривожи ва халқимиз маънавияти, ижтимоий-сиёсий тафаккурини юксалтириш, эркин фуқаролик жамиятини шакллантириш, инсон қадрини улуғлаш, Янги Ўзбекистонни барпо этиш борасида олиб борилаётган ишлар ҳақида маълумотлар берилди.
[gallery-32280]
– Бугунги кунда вилоятимизда 113 минг 400 нафардан зиёд партия аъзоси бор, – дейди партия вилоят кенгаши раиси Мансубек Махсудов. – Бундан ташқари, халқ депутатлари туман, шаҳар, вилоят кенгашларига партиямиз аъзоси бўлган 103 нафар депутат сайланган ва улар самарали фаолият олиб бормоқда. Кейинги йилларда партия томонидан амалга оширилаётган “Қувонч ва меҳр улашайлик” акцияси, “Депутат маҳаллада”, “Сиёсатдаги ёшлар” лойиҳалари, шунингдек, она-бола саломатлигини муҳофаза қилиш ҳамда оилаларни мустаҳкамлаш мақсадида доимий ўтказиб келинаётган тиббий кўрик ва саломатлик акцияси сингари қатор тадбирлар халқимиз оғирини енгил қилишга, аҳолининг ижтимоий-сиёсий фаоллигини оширишга хизмат қилиб келмоқда.
Шунингдек, тадбирда ибратли ишлар кўлами ва самарадорлигини ошириш, жамиятда инсон қадрини улуғлаш, халқимизга хос меҳр-оқибат ришталарини мустаҳкамлаш, партиянинг кенг жамоатчилик билан ҳамкорлигини кучайтириш, аҳоли билан мунтазам мулоқот олиб боришга қаратилган ишларни янада юқори босқичга кўтариш, партиянинг дастурий мақсадларини изчил амалга ошириш муҳимлиги алоҳида қайд этилди.
Байрам тадбирида партиянинг дастурий мақсад ва ғояларини кенг тарғиб қилиш, электорат манфаатини ҳимоя қилиш ҳамда партиянинг жамиятдаги нуфузини юксалтиришга муносиб ҳисса қўшаётган бир гуруҳ фаоллар, депутатлар ҳамда партия фахрийларига “Ўзбекистон халқ демократик партияси ифтихори” кўкрак нишони ҳамда эсдалик совғалари топширилди.
Фахриддин Убайдуллаев,
Зуҳриддин Умрзоқов (фото),
ЎзА мухбирлари