Юнон-рум кураши бўйича Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи Бишкекда тақдирланди
Қирғизистон пойтахти Бишкек шаҳрида спорт курашлари бўйича катталар ўртасидаги қитъа чемпионати олдидан ўтказилган Осиё спорт курашлари бирлашмаси (UWW Asia) йиғилишида бир неча номинациялар бўйича совриндорлар тақдирланди.
Эътиборли жиҳати, юнон-рум кураши бўйича Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи Рустам Ассакалов UWW ASIA томонидан “Йилнинг энг яхши юнон-рум кураши мураббийи" деб топилди ва тақдирланди.
Айтиш лозим, шу йил февраль ойида Рустам Ассакалов бош мураббийлигидаги Ўзбекистон юнон-рум кураши терма жамоаси “Zagreb Open” турнирида 1 та олтин, 4 та кумуш ва 1 та бронза медали билан умумжамоа ҳисобида 2-ўринни эгаллаганди.
Ўтган йили 19 ёшли юнон-рум курашчимиз Айтжан Халмаханов 24 йиллик тарихни янгилаб, катталар ўртасида жаҳон чемпионлигига эришганди.
Эслатиб ўтамиз, 6-12 апрель кунлари Бишкекда спорт курашлари бўйича XXII Осиё чемпионати беллашувлари ташкил этилади. Унда эркин, юнон-рум ва аёллар курашлари бўйича Ўзбекистон терма жамоасининг умумий ҳисобда 30 нафар аъзоси Ватанимиз шарафини ҳимоя қилади.
Т.Рўзиев, ЎзА