“Жаҳон чемпионати – 2026”: “G” гуруҳи иштирокчилари мундиалга жиддий тайёрланмоқда
Жорий йилнинг 11 июнидан 19 июль санасига қадар АҚШ, Канада ва Мексикада футбол бўйича Жаҳон чемпионати бўлиб ўтади.
Қувонарли жиҳати, Ўзбекистон миллий терма жамоаси ўз тарихида илк маротаба Жаҳон чемпионатига йўлланма олиб, дунё футболи элитаси қаторига қўшилди. Бугун, 26 май куни эрта тонгда терма жамоа бош мураббийи Фабио Каннаваро бошчилигидаги делегация Нью-Йорк шаҳрига жўнаб кетди.
Сўнгги йилларда қитъадаги саралаш босқичларида асосий рақиб бўлиб келаётган Эрон миллий терма жамоаси ҳам “ЖЧ-2026” финал босқичига жиддий тайёргарлик кўраётгани эътиборга молик.

Айрим оммавий ахборот воситаларида сиёсий вазият сабаб Эрон терма жамоасининг турнирда иштирок этиш-этмаслиги борасида турли миш-мишлар тарқалган бўлса-да, жамоа ҳозирда мусобақага тайёргарликни тўлиқ режа асосида давом эттирмоқда.
Эрон термаси “G” гуруҳидан жой олган бўлиб, улар Бельгия, Миср ҳамда Янги Зеландия терма жамоасига қарши майдонга тушади. Ушбу гуруҳ баҳслари 15–26 июнь кунлари бўлиб ўтади.
Шу ўринда, мазкур гуруҳ аъзоларининг саралаш босқичидаги йўли ҳақида эслаб ўтсак.

“G” гуруҳи иштирокчилари жаҳон биринчилигига турли қитъаларда ўтказилган саралаш босқичлари орқали йўл олди. Янги Зеландия терма жамоаси 2024 йил 6 сентябрдан 2025 йил 24 мартга қадар Океания футбол конфедерацияси томонидан ўтказилган саралашда муваффақиятли иштирок этди. Жамоа “B” гуруҳидаги барча учрашувларда ғалаба қозониб, учинчи босқичга юз фоизлик натижа билан йўл олди. Кейинги босқичда эса плей-офф ярим финалида Фиджини 7:0, финалда Янги Каледонияни 3:0 ҳисобида мағлуб этиб, ўз тарихида учинчи маротаба Жаҳон чемпионатига йўлланма олди.

“G” гуруҳи фаворитларидан бири ҳисобланган Бельгия терма жамоаси Европа саралаш босқичида “J” гуруҳида иштирок этиб, 8 ўйинда 5 ғалаба ва 3 дуранг қайд этган ҳолда мундиалга йўл олди. Ушбу жамоа Жаҳон чемпионатида 15-марта иштирок этади. Бельгия терма жамоасининг энг яхши натижаси бир маротаба қўлга киритилган бронза медали ҳисобланади.
Миср терма жамоаси Африка қитъасидаги саралаш босқичининг “A” гуруҳида 10 та ўйин ўтказиб, 8 ғалаба ва 2 дуранг билан 26 очко тўплади ҳамда мундиал йўлланмасини қўлга киритди. Бу Миср терма жамоаси учун Жаҳон чемпионатларидаги тўртинчи иштирок бўлади.

Эрон терма жамоаси эса Осиё минтақавий саралашининг иккинчи босқичида “E” гуруҳида 14 очко тўплаб, учинчи раундга йўл олди. У ерда эса ҳал қилувчи баҳсларда ғолиб чиқиб, гуруҳда биринчи ўринни эгаллади ва ўз тарихида еттинчи маротаба мундиал иштирокчисига айланди. Шу билан бирга, 1982 йилдаги иштирокдан воз кечилгани инобатга олинса, бу амалда саккизинчи Жаҳон чемпионати ҳисобланади.
Маълумот ўрнида, “G” гуруҳи баҳслари 2026 йил 15 июнь куни старт олади. Дастлабки турда Бельгия — Миср ҳамда Эрон — Янги Зеландия учрашувлари ўтказилади.
21 июнь куни Бельгия — Эрон ва Янги Зеландия — Миср ўйинлари бўлиб ўтади. 26 июнь куни Миср — Эрон ҳамда Янги Зеландия — Бельгия учрашувлари гуруҳ тақдирини ҳал этади.
Барча ўйинлар АҚШ ва Канада шаҳарларидаги замонавий ареналарда ўтказилиши режалаштирилган.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА