Юксак эътироф – фидойиликка берилган муносиб баҳо
Фарғона вилояти ҳокимлигида мамлакат тараққиёти, халқ фаровонлиги ва жамият равнақи йўлида самарали меҳнат қилиб келаётган бир гуруҳ фарғоналикларга Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонларига мувофиқ давлат мукофотлари топширилди.
Тадбирда вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров таъкидлаганидек, давлат мукофоти оддий рағбат эмас. У инсоннинг кўп йиллик ҳалол меҳнати, касбига садоқати, эл-юрт манфаати йўлидаги фидойилигига юксак баҳодир. Бундай мукофотга сазовор бўлган ҳар бир инсоннинг ҳаёт ва меҳнат йўлида ана шундай ибратли жиҳатлар мужассам. Президент фармонлари ўқиб эшиттирилиб, давлат мукофотлари соҳибларига орден ва медаллар тантанали равишда топширилди.

Мукофотланганлар орасида ишлаб чиқариш, қишлоқ хўжалиги, таълим, тиббиёт, маданият ва санъат, давлат хизмати, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамда бошқа соҳалар вакиллари бор эди. Уларнинг ҳар бири ўз соҳасида фидойилик билан меҳнат қилиб, Фарғона вилоятининг ижтимоий-иқтисодий тараққиётига муносиб ҳисса қўшиб келмоқда.
– Бу мукофотни нафақат ўз меҳнатимга берилган баҳо, балки мен билан елкадош бўлиб ишлаган жамоамнинг меҳнатига берилган эътироф, деб биламан, – дейди мукофот соҳиблари. Улар билдирилган ишончни оқлаш, Ватан ва халқ манфаати йўлида сидқидилдан меҳнат қилишни давом эттиришларини таъкидладилар.

– “Фидокорона хизматлари учун” ордени камтарона қилган меҳнатимизнинг катта эътирофи, – дейди мукофот соҳиби “Fergana Global Textile” МЧЖ таъсисчиси Музаффар Раззоқов. – Бу битта мен учун эмас, бизнинг 7,5 минглик жамоамиз учун, Фарғона вилоятимиз учун юксак эътироф. Президентимиз томонидан яратилган шароитлардан рағбат олиб катта-катта юксак марраларга эришишга ваъда бераман.
– Кичкина меҳнатимизга юксак баҳо берилгани мени янада меҳнат қилишга, ўзимизнинг устимизда ишлашга, ишлаб чиқаришларимизни кенгайтириб, экспорт географиясини кўпайтиришга ундайди. Янги иш ўринларини яратиб, мусофирда юрган ҳамюртларимизни юртимизга қайтаришга ҳиссамизни қўшамиз деб ваъда бераман, – дейди “Avilon Kokand” МЧЖ раҳбари Аваз Абдураҳимов.

– Бу берилган мукофот менга куч-қувват, шижоат, масъулият юклайди. Янада яхши ишлашга ҳаракат қиламан, – дейди “Шуҳрат” медали соҳиби Маҳлиё Исмоилова.
<iframe width="640" height="350" src="https://www.youtube.com/embed/lO4JehBvM8s" title="Yuksak e’tirof — fidoyilikka berilgan munosib baho" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>
Муҳаммаджон Обидов, Элёр Олимов(видео, сурат),
ЎзА