Бахтиёр Мустафоев: "Ўзаро боғлиқлик Марказий Осиё ва Европа ҳамкорлигини мустаҳкамлашнинг муҳим омилидир"
Тошкент шаҳрида “Минтақавийлашув жараёнлари: Марказий Осиё ва Европа тажрибаси, минтақалараро ҳамкорлик ва ўзаро боғлиқлик истиқболлари” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.
27 октябрь куни бўлиб ўтган тадбир Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти, Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ҳамда "Global neighbours" ташкилоти томонидан ташкил этилди.

Тадбир Марказий Осиё ва Европанинг экспертлик ва тадқиқот тузилмалари вакилларини бирлаштирди. Тадбир “Tracks to the feature” форуми доирасида бўлиб ўтди. Мазкур форум йўналиши тарихий Буюк Ипак йўли бўйлаб ўтиб, Европа ва Осиё ўртасидаги транспорт алоқаларининг аҳамиятини акс эттиради.
Маълумот учун: "Global neighbours"— 2022 йилда Вена шаҳрида тадбиркор Ёванка Порше томонидан Aвстриянинг собиқ федерал канцлери Кристиан Керн ва Германиянинг собиқ вице-канцлери Филипп Рослер билан биргаликда ташкил этилган халқаро таҳлилий марказ. Марказ халқаро мулоқот ва дипломатия масалаларига ихтисослашган.
Муҳокамалар марказидан минтақавий интеграция, Европа тажрибасини Марказий Осиё шароитларига мослаштириш, транспорт коридорларини ривожлантириш, энергетика соҳасидаги ҳамкорлик, инвестицияларни жалб этиш ва рақамли ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш масалалари ўрин олди.

Давра суҳбатининг очилишида сўзга чиққан СМТИ директорининг ўринбосари Бахтиёр Мустафоев жаҳон иқтисодиётининг парчаланиши, кўп томонлама институтларнинг заифлашуви ва ишлаб чиқариш занжирларининг қайта шаклланиши минтақавий ҳамкорликнинг аҳамиятини ошираётганини таъкидлади. Унинг қайд етишича, айнан шу турдаги шериклик давлатларга умумий муаммоларга амалий ечимларни тобора кўпроқ биргаликда топиш имконини бермоқда.
Эксперт Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Марказий Осиёда юз берган ижобий ўзгаришларга эътибор қаратди. Давлат раҳбарлари ўртасида мунтазам мулоқот йўлга қўйилди, кўп йиллик чегара масалалари ҳал этилди, янги ўтказиш пунктлари очилди, ўзаро савдо ва инвестициялар ҳажми ошди.
Минтақавий ҳамкорликнинг шартномавий-ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлашга “Марказий Осиё – 2040” минтақавий кооперацияни ривожлантириш концепцияси ҳам хизмат қилмоқда.
Шу билан бирга, Б.Мустафоев таъкидлаганидек, минтақавий ҳамкорлик тенг ҳуқуқлилик, ўзаро ҳурмат ва ҳар бир мамлакат манфаатларини ҳисобга олиш тамойилларига асосланади, чунки Марказий Осиё давлатлари миллий давлатлар устидан турувчи тузилмаларни ташкил этишни мақсад қилмаган.
Бунда минтақанинг мустақил субъект сифатидаги салоҳиятини ва стратегик автономиясини мустаҳкамлаш, айни пайтда ташқи ҳамкорлар учун очиқликни сақлаб қолиш устувор вазифа ҳисобланади.
Марказий Осиёнинг ташқи ҳамкорлари орасида Европа Иттифоқи алоҳида ўрин тутади. 2025 йил апрел ойида Самарқандда бўлиб ўтган “Марказий Осиё – Европа Иттифоқи” биринчи саммити стратегик шерикликка асос солди. Европа томони "Global gateway" ташаббуси доирасида умумий қиймати 12 миллиард евро бўлган инвестиция пакетини эълон қилди. Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасидаги Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим ҳам ҳамкорликни ривожлантириш учун қўшимча имкониятлар яратмоқда.
Шу муносабат билан Б. Мустафоев кейинги муҳокамалар учун иккита асосий масалани ажратиб кўрсатди.
Биринчидан, СМТИ вакилининг фикрича, Европанинг минтақавий ҳамкорлик тажрибасидаги қайси жиҳатларни Марказий Осиё шароитларига мослаштириш мумкинлигини аниқлаш зарур. Бунда минтақанинг ўзига хос хусусиятларини ҳисобга олиш, суверенитет, тенг ҳуқуқлилик ва ўзаро ишончни изчил мустаҳкамлаш тамойилларига амал қилиш муҳимдир.
Иккинчидан, СМТИ директорининг ўринбосари фикрича, ўзаро боғлиқликни минтақалараро ҳамкорликнинг амалий ҳаракатлантирувчи кучига айлантириш лозим. Бу Транскаспий транспорт коридорини ривожлантириш, энергетика лойиҳаларини амалга ошириш, таълим дастурларини кенгайтириш, рақамли инфратузилмани ривожлантириш, шунингдек, муҳим хомашё ресурслари соҳасидаги ҳамкорликни йўлга қўйиш ва қўшилган қийматни бевосита Марказий Осиёда яратишни назарда тутади.
ЎзА