Юксак давлат мукофотига сазовор бўлган курсант қизнинг муваффақият формуласи
Президент билан мулоқотдан сўнг...
Бугун жамиятда бир ҳаётий ҳақиқат борган сари теранроқ бўй кўрсатмоқда. Бир ўғилни ўқитсангиз, бир инсонни илмли қилган бўласиз. Бир қизни илмли қилиш эса бутун бир жамиятни, келажак авлодни кучли қилишни англатади.
Тошкентдаги муҳташам Олимпия шаҳарчасида бўлиб ўтган Ёшлар куни тантаналарида айнан мана шу оқилона ёндашувнинг амалий исботи яққол кўринди. Давлат томонидан хотин-қизларнинг таълим олиши, ўз салоҳиятини энг мураккаб соҳаларда ҳам намойиш этиши учун берилаётган имкониятлар бугун ўз мевасини бермоқда.
Тантанали тадбирда Президентимиз томонидан топширилган давлат мукофотлари юрт келажаги бўлган йигит-қизлар, хусусан, жамиятнинг энг фидокор ва интилувчан қатламига айланиб бораётган хотин-қизларга кўрсатилган юксак ишонч рамзи бўлди. Юртбошимиз қизларнинг илм-фан, спорт ва интеллектуал соҳалардаги шиддати мамлакат тараққиётининг энг ишончли кафолати эканини яна бир бор таъкидлади.

Мукофотланганлар сафида ўзининг қатъияти, ҳарбий интизоми ва халқаро майдондаги ёрқин ғалабалари билан ажралиб турган қизлар ҳам бор. Улардан бири Ўзбекистон Республикаси Жамоат хавфсизлиги университетининг 2-босқич курсанти Лобархон Хўжамбердиевадир.
Ҳарбий либос виқори ва спортчига хос иродани ўзида жамлаган бу қиз билан тадбир якунида суҳбатлашиб, дунёқараши ва интеллектуал даражаси қанчалик юқори эканига гувоҳ бўлдик.
– Бу учрашув ва кўксимга қадалган “Келажак бунёдкори” медали мен учун жуда катта маънавий масъулиятдир, – деди Лобархон Хўжамбердиева. – Бир йил давомида давлатимиз раҳбари билан иккинчи бор юзма-юз суҳбатлашиш бахтига муяссар бўлдим. Муҳтарам Президентимизнинг сиз каби фарзандларим борлигидан фахрланаман, деган сўзлари менга ўзгача шижоат бағишлади.
Жамоат хавфсизлиги университетида иқтидорли, юрагида ўти бор сафдош дугоналарим жуда кўп. Мукофотни устозларимнинг берган таълими ва жонажон жамоамизнинг менга бўлган ишончи самараси деб биламан.
Бугун юртимизда хотин-қизлар, айниқса, ҳарбий соҳани танлаган аёллар учун ёпиқ эшикларнинг ўзи қолмади. Асосийси, ички хоҳиш кучли бўлсин. Тинимсиз меҳнат ва берилаётган бу тарихий имкониятларни вақтида англаб, улардан юрт равнақи йўлида фойдалана билишдир.
Спортга келсак, бошланғич синфдан каратэ билан шуғулланаман. Кўплаб халқаро ареналар, Осиё ва жаҳон чемпионатларида қатнашдим
Спортдаги ғалабаларим жисмоний куч ва матонат меваси саналади. Давлатнинг асл ва узоқ муддатли қудрати илм-фан, юқори технологиялар ҳамда инсон капиталида акс этади. Шу сабабли, кейинги стратегик мақсадимни илмий фаолиятга қаратяпман.
Магистратура босқичида таҳсилни давом эттириб, мамлакатимиз ривожи учун зарур бўлган йўналишларда тадқиқотлар олиб бормоқчиман. Назаримда, замон билан ҳамнафас бўлган ҳарбий аёл нафақат жисмонан бақувват, балки юксак интеллектуал салоҳиятга ҳам эга бўлиши шарт. Спорт ва санъат эса менинг дунёқарашимни бойитувчи ажралмас қисм бўлиб қолаверади.
Икром АВВАЛБОЕВ, ЎзА мухбири