Юрагида Ватан ишқи бор ёшлар юксак марраларга интилаверади!
Президент билан мулоқотдан сўнг...
Тошкентдаги муҳташам Олимпия шаҳарчаси 30 июнь куни чексиз қувват ва ёшлик шиддати билан тўлди. Бу ерда чинакам истеъдодлар, юраги Ватан деб урган, ўз соҳасида тенгсиз ёшлар жам бўлди.
Президентимизнинг фармони билан юртимиз тараққиётига баҳоли қудрат ҳисса қўшаётган бир гуруҳ йигит-қизлар “Келажак бунёдкори” медали ҳамда “Мард ўғлон” давлат мукофоти билан тақдирланди.
Тантанада давлатимиз раҳбари ҳар бир ўзбек ёшининг юрагида улкан куч, беқиёс салоҳият ва иқтидор борлигини алоҳида эътироф этди. Бу сўзлар залдаги ҳар бир йигит-қизнинг қалбига қанот бағишлагани аниқ. Президентимиз мукофотларни ўз эгаларига топширар экан, кўзлардаги ҳаяжон ва фахр тўлқини бутун даврани қамраб олди.
Ана шундай шарафли дақиқаларни қалбидан ўтказган, халқ тили билан айтганда, Ватаннинг асл мард ўғлонларидан бири Миллий гвардия ҳарбий қисм отряд мутахассиси Жавоҳир Абдуҳолиқов бўлди. Унинг нигоҳларидаги қатъият ва юзидаги самимий табассум давлатнинг юксак ишончига сазовор бўлган йигитнинг ҳақиқий қиёфасини кўрсатиб турарди. Тадбир якунлангач у билан суҳбатлашдик.
– Ёшлар кунига бағишланган бу тантана менинг ҳаётимда ўчмас из қолдирди, – деди ҳаяжонини яшира олмаган Жавоҳир Абдуҳолиқов. – Тўғриси, бу кун юртимиз ёшлари учун янги имкониятлар, янги уфқлар эшигини очди. Шахсан Президентимиз – Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондонининг қўлларидан “Мард ўғлон” давлат мукофотини қабул қилиб олиш жараёнини тушунтириб бера олмайман. Бу таърифлаб бўлмас бахт ва шараф! Ўша лаҳзалардаги ҳаяжонни, қалбимдан ўтган фахр туйғусини умримнинг охиригача унутмасам керак. Мукофот менга куч устига куч қўшди. Ўзимга бўлган ишончимни янада ошириб, келгуси мақсадларим сари улкан энергия берди.
Камтарона хизматларимизни шунчалик юксак баҳолаб, бизга ишонч билдирганларидан бошимиз кўкка етди. Бу ишонч тўхтаб қолишга эмас, янада каттароқ марраларни забт этишга ундайди. Худо хоҳласа, ютуқларимизни ҳали бардавом қиламиз.
Шу пайтгача ҳам жамоамиз билан халқаро майдонларда юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиб, юқори ўринларни эгаллаб келаётган эдик. Аммо бу эътирофдан кейин зиммамдаги масъулиятни янада чуқур ҳис қиляпман. Энди марра бундан ҳам юксак бўлади.
Миллий гвардия жамоамиз билан Америка Қўшма Штатларининг Миссисипи штатидаги «Camp Shelby» полигонида ўтказилган нуфузли мусобақада қатнашганмиз. У ерда дунёнинг энг ривожланган давлатларидан келган сара ҳарбийлар йиғилган эди. Ўша шиддатли беллашувларда жамоамиз юқори натижаларни кўрсатиб, ўзбек аскари нималарга қодирлигини амалда исботлай олди. Бундан ташқари, йигитларимиз Хитой ва Туркиядаги халқаро мусобақаларда ҳам фахрли ўринларни эгаллаб қайтишди.
Шу йилнинг июнь ойида эса Беларусда ўтган халқаро тактик ўқ отиш мусобақасида иштирок этдик. Салкам 30 дан ортиқ энг кучли жамоалар орасида фахрли иккинчи ўринни қўлга киритдик. Биласизми, ўша лаҳзаларда кўкда юртимиз байроғи ҳилпираб турганини кўриш одамга шундай ғурур бағишлайдики, буни сўз билан таърифлаш қийин.
Халқаро майдондаги мана шундай муваффақиятларимиз замирида, албатта, давлатимиз томонидан ёшларга, бизнинг соҳамизга кўрсатилаётган улкан эътибор ва ғамхўрлик ётибди.
Мен бу юксак мукофотни шахсан ўзимники эмас, балки Миллий гвардия сафларида кечаю кундуз Ватан ҳимоясида собит турган барча мард ва жасур сафдошларимизга билдирилган юксак ишонч деб биламан. Бу ишончни оқлаш эса биз учун ҳам фарз, ҳам шарафли бурчдир!
Икром АВВАЛБОЕВ,
ЎзА мухбири