Ёшларнинг стартап лойиҳалари ўрмон хўжалиги соҳасида жорий этилади
Самарқандда ўтказилаётган “Eco Expo Central Asia 2026” халқаро кўргазмаси доирасида Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси ҳузуридаги ўрмон агентлиги директори Эркин Муҳиддинов, агентлик ҳузуридаги ўрмон хўжалигини рақамлаштириш маркази раҳбари Одилхон Йўлдошхонов ва “Innovation Group” стартап лойиҳаси ташаббускорлари ўртасида иккита инновацион лойиҳани соҳага кенг жорий этиш мақсадида англашув меморандуми имзоланди.
“Smart Forestry” деб номланган биринчи стартап лойиҳаси бугун бутун дунёда иқлим ўзгаришлари оқибатлари хавфи ортиб бораётган бир пайтда ҳудудларда яшил майдонларни кенгайтириш, янги ўрмонзорлар барпо этиш ва ўрмон ёнғинларининг олдини олиш каби фойдали жиҳатлари билан ажралиб туради. Мазкур лойиҳа устида 10 нафардан зиёд салоҳиятли ёшлар гуруҳи ишламоқда.


– Лойиҳа амалиётга жорий этилганидан сўнг автоматик равишда ўрмон ёнғинлари эрта аниқланади ва масъул тузилмалар хабардор қилинади – дейди стартап гуруҳи раҳбари Акбарали Турдиев. – Мавжуд дарахт ва буталарнинг ҳолати кузатилади, кесилишининг олди олинади. Кўчатхоналарда сунъий интеллект ёрдамида ниҳолларнинг парвариш қилиниши, меъёрида суғорилиши тизимли ташкил этилади.


Иккинчи стартап лойиҳаси 4 нафар қорақалпоғистонлик изланувчан талаба-ёшларга тегишли. Лойиҳа гуруҳи раҳбари Ҳурлиман Сейтниязованинг таъкидлашича, ёшлар бугун Турон гули дарахтининг Оролбўйи минтақаси иқлимига мос навларини кўпайтириш бўйича тадқиқотлар олиб бормоқда. Чўл ҳудудларида тез ривожланиб ўсадиган ушбу дарахт ўртача 120-150 йилгача умр кўради, 15-20 метргача ўсади. Муҳими, сувсизликка чидамли. Турон гулининг кўпайтирилиши чанг ҳамда қум бўронларининг олдини олиш, атмосфера ҳавосининг тозалигини таъминлашга хизмат қилади. Ёш тадқиқотчилар Турон гули дарахтининг танланган навларини кенг ҳажмда кўпайтириб, яқин йилларда Нукус шаҳрининг “Яшил белбоғи”ни барпо этишни мақсад қилган.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари