Тарих сирлари муҳрланган архивлар ва илк сухандон хотирланди
Ўзбекистон телевидениеси ташкил топган илк даврлардан бошлаб бугунги кунгача бўлган машаққатли ва шарафли йўл кўплаб заҳматкаш инсонларнинг фидокорона меҳнатлари эвазига бунёд бўлган. Вақт ўтиши билан ўша оқ-қора тасвирлар, илк техник қурилмалар ва кадр ортидаги ҳаяжонли лаҳзалар бугунги кунда бебаҳо тарихий меросга, жумладан, архив ҳужжатларига айланди.
Пойтахтимизда «Ўзархив» агентлиги, Ўзбекистон Бадиий академияси ҳамда қатор ҳамкор ташкилотлар томонидан ташкил этилган “Архив ҳужжатларида телевидение тарихи” номли архив ҳужжатлари фотокўргазмаси томошабинларни ўтмишнинг энг ёрқин саҳифаларига саёҳат қилдирди.
Ушбу тадбирнинг мазмун-моҳиятини янада бойитган ва унга алоҳида файз бағишлаган воқеа эса мамлакатимиз телевидениеси тарихидаги биринчи эркак диктор, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, олий тоифали сухандон Ўктам Жобиров ҳаёти ва ижодий меросига бағишланган “Отамдан улуғим” китобининг кенг жамоатчиликка тақдим этилиши бўлди.

Тадбирда қайд этилганидек, 1956 йил 6 ноябрь куни Ўзбекистонда илк бор телевидение орқали биринчи кўрсатув эфирга узатилган эди. Шундан буён бундай кўрсатувларни тайёрлашда минглаб ижодкорларимиз, телевидение ва радио журналистлари ўз маҳоратларини кўрсатиб келди.
Мазкур архив ҳужжатлари фотокўргазмасида Ўзбекистон Кинофотофоно ҳужжатлари миллий архиви сақловидаги 1930-2012 йилларга оид Ўзбекистон телевидениеси тарихи, телевидение ва радионинг биринчи сухандонлари, режиссёр ва операторлари, таниқли ва халқ суйган бошловчи ва сухандонлари фаолиятини акс эттирувчи фотосуратлари намойиш этилди.

Хусусан, намойиш этилган 100 га яқин фотоҳужжатлар орасида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, олий тоифали диктор Ўктам Жобиров ҳаёти ва ижодини ёритувчи фотосуратлар кўргазманинг ужодий кульминациясига айланди. Ушбу фотосуратлар Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, ёзувчи, шоир, Ўзбекистон телевидениеси сухандони Муслимбек Йўлдошевнинг “Отамдан улуғим” номли муаллифлик китобига киритилган. Кўргазма давомида мазкур китобнинг тақдимоти ўтказилиб, ҳар бир фотосуратга алоҳида изоҳлар берилди.
Тадбирда архивда сақланаётган бу фотосуратларнинг сифати ва сақланиши эътироф этилиб, бу каби фотосуратлар Ўзбекистоннинг ноёб фотофонди эканини таъкидланди.

Шунингдек, кўргазмада Ўзбекистон телевидениесининг ривожланиши ҳақидаги маълумотлар, архив ҳужжатлари, фотоматериаллар намойиш этилди. Жумладан, телевидение таҳририятларининг ижодий учрашувлари, интервью ва суҳбатлар, телерадио студияларининг иш жараёнлари, теледастур ва эшиттиришлар тайёрлаш, материаллар устида ишлаш, тасвирга олиш ва ёзиш жараёнлари, ОАВ ходимлари учун ташкил этилган семинарлар, давра суҳбатлари, турли мавзуларга бағишланган матбуот анжуманлари акс этган.

Ўтказилган ушбу қўшалоқ тадбир шунчаки хотира кечаси эмас, балки миллий маънавиятимиз ва медиа тарихимизга бўлган юксак эҳтиром намунасидир. “Архив ҳужжатларида телевидение тарихи” фотокўргазмасида жонланган ўтмиш лавҳалари ҳамда маҳоратли сухандон Ўктам Жобиров хотирасига бағишланган “Отамдан улуғим” китоби бизга бир ҳақиқатни англатади: бугунги шиддатли ахборот асрида, миллий журналистика ва дикторлик мактаби ривожланиб бораётган бир даврда устозлар қолдирган бой мерос, уларнинг касбга бўлган фидойилиги ва соф ўзбек адабий тили маданиятини сақлаш йўлидаги меҳнатлари ёш авлод учун ҳақиқий маҳорат мактаби бўлиб хизмат қилади.
Архив саҳифаларида муҳрланган ҳар бир ҳужжат ва устоз сухандонларнинг жарангдор овозлари миллий телевидениемизнинг олтин фондида ва халқимиз қалбида мангу яшайди.
Гулноза Бобоева,
ЎзА