Ёшлар ва экологик сиёсат ҳақида очиқ мулоқот
Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети Нукус филиалида Ўзбекистон Экологик партияси раҳбарияти билан талабалар учрашуви бўлиб ўтди.
Бугунги кунда экологик муаммолар инсоният олдида турган энг долзарб масалалардан бирига айланиб бормоқда. Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ҳамда ёшларда экологик маданиятни шакллантириш йўлида амалга оширилаётган ишлар эса алоҳида аҳамият касб этмоқда.

Учрашув давомида экологик таълимни ривожлантириш, ёшларни “яшил” иқтисодиёт ғояларига кенг жалб этиш, иқлим ўзгаришлари шароитида экологик хавфсизликни таъминлаш ҳамда атроф-муҳитни асрашга қаратилган ташаббуслар хусусида атрофлича фикр алмашилди. Мутахассислар томонидан мамлакатимизда экологик барқарорликни таъминлаш йўлида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, Экологик партиянинг бу жараёнлардаги иштироки ҳамда ёшлар учун яратилаётган имкониятлари ҳақида батафсил маълумот берилди.

Талаба-ёшлар эса ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олиб, экологик лойиҳалар, стартап ташаббуслари ва жамоатчилик фаолиятида иштирок этиш юзасидан таклиф ва мулоҳазаларини билдирдилар. Тадбир доирасида “Ёш экологлар” клуби фаолиятида фаол қатнашиб, экологик маданиятни тарғиб этиш ва экологик ташаббусларни амалга оширишга муносиб ҳисса қўшиб келаётган бир қатор талабалар ташаккурнома билан тақдирланди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири