Ўзбек буғдой навлари Тожикистонда юқори ҳосил бермоқда
Маълумки, Уруғчиликни ривожлантириш маркази томонидан Тожикистонга экспорт қилинган "Ҳисорак", "Ёғду", "Турон" ва бошқа истиқболли буғдой навлари фермер хўжаликлари далаларида муваффақиятли синовдан ўтмоқда. Ушбу навлар иқлим шароитларига яхши мослашуви, ҳосилдорлиги ва дон сифати билан ажралиб, айрим майдонларда гектаридан 80–85 центнергача ҳосил олиш имконини бермоқда.
Тожикистон Республикасининг Сўғд вилоятида ўтказилган илмий-амалий семинар давомида Ўзбекистон селекциясига мансуб буғдой навларини етиштириш бўйича эришилган натижалар муҳокама қилинди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамда Уруғчиликни ривожлантириш маркази вакиллари иштирок этди. Семинар қатнашчилари ўзбек селекциясига мансуб буғдой навлари маҳаллий шароитларда юқори ҳосилдорлик кўрсаткичларини намоён этаётганини алоҳида таъкидлади.
Семинарда Уруғчиликни ривожлантириш маркази директори Шуҳрат Отажонов ҳам иштирок этиб, буғдой уруғчилиги ва селекция соҳасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маъруза қилди. У ўз нутқида иқлим ўзгариши шароитида қурғоқчилик ва касалликларга чидамли, юқори ҳосилли навларни яратиш ҳамда уларни ишлаб чиқаришга кенг жорий этиш озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашдаги муҳим омиллардан бири эканини таъкидлади.

Тадбир якунида Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида уруғчилик ва селекция соҳасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш, ўзбек селекциясига мансуб навларни амалиётга жорий этиш кўламини ошириш бўйича фикр алмашилди.
Мутахассислар бундай ҳамкорлик икки мамлакат аграр тармоғининг ривожланиши ва минтақада озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлашга хизмат қилишини қайд этди.

Г.Бобоева, ЎзА