Ёшлар ва аёллар - Қорақалпоғистонда туризмнинг доимий элчилари
Нукусда Европа Иттифоқи, Конрад Аденауэр жамғармаси ва “Юксалиш” ҳаракати кўмагида “DMO Karakalpakstan” жамоат бирлашмаси томонидан амалга оширилаётган “Ёшлар ва аёллар – Қорақалпоғистонда туризмнинг доимий элчилари” лойиҳасининг якуний оммавий тадбири бўлиб ўтди.
Унда давлат органлари, туризм соҳаси тадбиркорлари, нодавлат ва нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Учрашув давомида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг Туризм, маданият, маданий мерос ва оммавий коммуникациялар масалалари котибияти, Туризм бошқармаси, Савдо-саноат палатаси ва “Ҳунарманд” уюшмаси вакиллари туризмни янада ривожлантириш, сайёҳлик компаниялари ва сайёҳлик йўналишлари фаолиятини такомиллаштириш, тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш бўйича фикр-мулоҳазалари ва таклифлари билан ўртоқлашди. Туризм бизнеси, нодавлат ва нотижорат ташкилотлари вакиллари ҳам ўз таклиф ва лойиҳа натижалари бўйича фикр-мулоҳазаларини билдирди.
[gallery-31240]
Лойиҳанинг муҳим натижаларидан бири Қорақалпоғистоннинг турли туманлари ва Нукус шаҳридан аризалар асосида танлаб олинган 33 нафар киши иштирок этган ўқув тренингларининг ўтказилиши бўлди. Тренинглар давомида иштирокчилар барқарор туризм соҳасидаги билим ва амалий кўникмаларини оширдилар, шунингдек, ўзларининг тадбиркорлик ташаббусларини ривожлантириш имкониятига эга бўлдилар.
Лойиҳа доирасида тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилди. 18 нафар иштирокчи ўз бизнес ғояларини тақдим этди, шундан 7 та лойиҳа ғолиб бўлди ва ҳар бири 2 миллион 500 минг сўмдан субсидия олди.
Умуман олганда, лойиҳа ёшлар ва аёлларнинг барқарор туризмни ривожлантиришдаги иштирокини кенгайтириш, уларнинг тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ва Қорақалпоғистоннинг туризм салоҳиятини тарғиб қилишда муҳим аҳамият касб этмоқда. Ўз навбатида, “DMO Karakalpakstan” жамоат бирлашмаси ҳудуднинг туризм соҳасини янада ривожлантиришга қаратилган янги лойиҳаларни амалга ошириш бўйича ишларни давом эттиришга тайёр эканлигини билдирди.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА мухбирлари