Батуми — Қора денгиз соҳилидаги мафтункор шаҳар
Грузиянинг Қора денгиз соҳилида жойлашган Батуми шаҳри ўзига хос меъморчилиги, замонавий иншоотлари ва бетакрор табиати билан сайёҳлар эътиборини тортади.
Мамлакатнинг Ажария автоном республикаси маъмурий маркази ҳисобланган Батуми Грузиянинг муҳим сайёҳлик ва маданий марказларидан биридир. Бу ерда тарихий бинолар, замонавий осмонўпар иншоотлар, кенг хиёбонлар ва денгиз бўйлаб ястанган сайилгоҳлар шаҳар қиёфасига ўзгача кўрк бағишлайди.
Айниқса, Қора денгиз соҳили бўйлаб чўзилган Батуми бульвари шаҳарнинг энг диққатга сазовор масканларидан саналади. Яшил майдонлар, манзарали дарахтлар, фавворалар ва сайр йўлаклари билан уйғунлашган ушбу ҳудуд маҳаллий аҳоли ҳамда сайёҳларнинг севимли дам олиш жойига айланган.
Шаҳарнинг замонавий меъморий қиёфасида ўзига хос лойиҳалар асосида барпо этилган бинолар алоҳида ажралиб туради. Шу билан бирга, эски шаҳар ҳудудидаги тарихий иморатлар, тор кўчалар ва анъанавий меъморчилик намуналари Батумининг ўтмиши билан бугуни ўртасидаги уйғунликни намоён этади.
Батуми нафақат денгиз бўйидаги дам олиш маскани, балки турли маданиятлар ва анъаналар туташган шаҳар сифатида ҳам эътиборга молик. Унинг майдонлари, хиёбонлари ва меъморий ёдгорликлари ўзига хос муҳит яратиб, ташриф буюрувчиларда ёрқин таассурот қолдиради.
Сўнгги йилларда шаҳарнинг сайёҳлик инфратузилмаси ривожланиб, замонавий меҳмонхоналар, кўнгилочар ва маданий масканлар унинг жозибадорлигини янада оширмоқда. Денгиз манзаралари, яшилликка бурканган кўчалар ва турфа меъморий ечимлар Батумининг бугунги қиёфасини белгилаб беради.
[gallery-32132]
Қадимийлик ва замонавийлик уйғунлашган Батуми ўзининг бетакрор манзаралари билан Қора денгиз соҳилидаги энг гўзал шаҳарлардан бири сифатида эътироф этилади.
Сарвар ЎРМОНОВ (сурат), ЎзА