Ёшлар учун янги имкониятлар
Бухоро вилоятида ёшлар ижодини қўллаб-қувватлаш, уларнинг медиа соҳадаги қобилиятларини ривожлантириш борасида яна бир муҳим қадам ташланди. “Келажак” марказида замонавий Podcast хонасининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Мазкур студия нафақат техник жиҳатдан юқори даражада жиҳозлангани, балки ёшлар учун эркин фикр алмашиш ва ижод қилиш майдони сифатида ҳам алоҳида аҳамиятга эга.
Тадбирда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, олий тоифали сухандон Дилдора Рустамова ҳамда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, телебошловчи Рихситилла Абдуллаев янги студиянинг аҳамияти ҳақида фикрлар билдирди. Улар подкастинг бугунги кунда ахборот тарқатишнинг энг самарали ва таъсирчан воситаларидан бирига айланганини таъкидлаб, ёшларни ушбу имкониятдан унумли фойдаланишга чақирди.

Шундан сўнг ўқувчилар иштирокида самимий мулоқот ташкил этилди. Унда ёшлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди, медиа соҳасидаги илк қадамлар, нутқ маданияти ва ижодий ёндашув ҳақида қимматли тавсияларга эга бўлди.
– Бугунги кунда ёшларнинг фикри, ғояси ва ташаббусини қўллаб-қувватлаш – энг устувор вазифаларимиздан бири, – дейди вилоят “Келажак” маркази раҳбари Муҳаммаджон Комилжонов. – Ушбу подкаст студияси орқали улар ўз иқтидорини намоён этади, жамиятга ўз фикрини эркин етказади. Бу ерда туғилган ғоялар келажакда катта лойиҳаларга айланишига ишонамиз.

Ҳақиқатдан ҳам, ушбу студия ёшлар учун янги имкониятлар эшигини очади. Энди улар замонавий техника ва қулай муҳитда ўз дастурларини тайёрлаб, кенг аудиторияга тақдим этиш имконига эга. Бу эса нафақат шахсий ривожланиш, балки миллий медиа маконининг янада бойишига ҳам хизмат қилади.
“Келажак” марказидаги Podcast хонасининг очилиши ёшлар ижодини рағбатлантириш, уларнинг овозини жамиятга етказиш ва янги авлод медиа вакилларини тарбиялаш йўлида муҳим қадам бўлди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.