Ёшлар учун кенг имкониятлар майдонига айланган маърифий тадбир
Ёшларни фаол қўллаб-қувватлаш, уларни рағбатлантириш, билим олишга бўлган қизиқиши, интилиши ва иштиёқини кучайтириш мамлакатимизда кечаётган туб маърифий ўзгаришлар жараёнида устувор ўрин эгаллайди.
Бу борада бугунги кунда ҳаётга жорий этилаётган эзгу ташаббуслар ёшларга оид муаммоларни тезкорлик билан ҳал этиш, уларнинг ҳаётига янгича маъно-мазмун бағишлашда алоҳида аҳамият касб этмоқда. “Ўзмиллийбанк” акциядорлик жамияти ёшлар манфаатларини таъминлашга муҳим ҳисса қўшиб келаётган тузилмалардан саналади.
“Ўзмиллийбанк” томонидан Бекобод тумани ёшлари учун кенг қамровли тадбир ташкил этилди. Ушбу акция маънавий-маърифий, тарбиявий, ижтимоий аҳамият касб этгани билан диққатга сазовор бўлди.
"Ўзмиллийбанк" АЖ ва Тошкент вилояти Бекобод тумани ҳокимлиги билан ҳамкорликда тумандаги Боғишамол, Далварзин, Саврак ва Қўрғон маҳаллаларида истиқомат қилувчи ёшлар учун махсус дастур асосида тадбир ташкил этилди.
Тадбир доирасида ёшлар Тошкент шаҳрига келди. Улар учун маънавий-маърифий ва амалий аҳамиятга эга бўлган учрашувлар ва экскурсиялар уюштирилди. Хусусан, иштирокчилар “Технопарк” мажмуасида бўлиб, замонавий ишлаб чиқариш жараёнлари, яратилаётган маҳсулотлар ҳамда мавжуд бўш иш ўринлари билан яқиндан танишди.
Аҳамиятлиси, йигит-қизлар шу ернинг ўзида ишга кириш истагини билдириб, сўровномалар тўлдиришди. Мажмуадаги ходимлар учун яратилган шароитлар, бу каби “Технопарк” мажмуаларининг мамлакатимиз иқтисодий салоҳияти, аҳоли бандлигини таъминлаш, турмуш фаровонлигини ошириш борасидаги аҳамияти ҳақида кенг ва тўлақонли маълумотларга эга бўлди.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси ва ғояси билан барпо этилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ёшлар ташриф буюрган навбатдаги манзил бўлди. Тадбир иштирокчилари мамлакатимизнинг бой маънавий мероси, буюк алломаларимиз ҳаёти ва илмий фаолияти ҳақида атрофлича маълумот олди.
Бугун ушбу табаррук ва муҳташам маскан наинки Ватанимиз аҳолиси, балки жаҳон жамоатчилигининг ҳақли ҳайрати ва ҳавасига сабаб бўлмоқда. «Дунёдаги энг йирик ислом цивилизацияси музейи» (Largest museum of Islamic civilization) деб эътироф этилган мазкур азиз маскан Гиннеснинг рекордлар китобидан жой олди. Ушбу файзли гўша Ўзбекистоннинг қўҳна тарихи, она-диёримизда камолга етган ва ислом равнақига улкан ҳисса қўшган улуғ алломалар, уларнинг ибратли фаолияти, илмий мероси, ҳидоят маёғи бўлмиш динимизнинг тарихи, унинг тинчликпарвар, инсонпарвар, маърифатпарвар жиҳатларини кенг тарғиб этувчи дунёда ўхшаши йўқ муборак даргоҳ саналади.
Марказда жорий этилган сунъий интеллектга асосланган интерактив қурилмалар ёшларга тарихни “жонли” ҳис қилиш имконини яратмоқда. Улар виртуал гидлар, 3D моделлар, мультимедиали тақдимотлар ва интерактив экранлар орқали буюк аждодларимизнинг ҳаёт йўли, илмий изланишлари ва инсоният тараққиётига қўшган ҳиссаси билан яқиндан танишди. Бундай инновацион ёндашув ёшларнинг соҳага қизиқишини янада оширди.
Тадбирнинг асосий қисми сифатида ёшлар билан очиқ мулоқот ташкил этилди. Унда “Ўзмиллийбанк” акциядорлик жамияти раҳбарияти иштирок этиб, ёшларнинг муаммолари, эҳтиёжлари ва таклифлари тингланди.
Учрашув давомида ёшларни иш билан таъминлаш, уларни тадбиркорликка жалб этиш, имтиёзли кредитлар ажратиш ва доимий даромад манбаларини яратиш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида батафсил маълумот берилди. Таъкидланганидек, банк томонидан ёшларга нафақат молиявий кўмак, балки бизнесни тўғри йўлга қўйиш бўйича амалий маслаҳатлар ҳам бериб борилмоқда.
Шу билан бирга, “Келажакка қадам” маркази томонидан ёшлар ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг бизнес ғояларини рўёбга чиқаришга қаратилган имкониятлар тақдим этилди.
Айтиш керакки, “Келажакка қадам” маркази бу олий таълим муассасалари битирувчиларини ишга жойлаштириш ва уларнинг тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлашга қаратилган махсус тизим.
Ушбу марказлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 14 февралдаги тегишли қарори асосида ташкил этилган. Битирувчиларни меҳнат бозорига интеграция қилиш, иш берувчилар билан тўғридан-тўғри алоқа ўрнатиш ва “Карьера кунлари”ни ташкил этиш, талабаларнинг бизнес лойиҳаларини тайёр лойиҳа даражасига келтиришда амалий ва консультатив ёрдам бериш, бизнес ғояларни қўллаб-қувватлаш мазкур марказнинг асосий мақсад ва вазифалари сирасидан. Марказда бир неча турдаги имтиёзли кредитлар таклиф этилиши билан бирга, бу ерда “Smart академияси” доирасида ёшларни рақамли билимлар ва замонавий технологияларга ўқитиш имконияти ҳам мавжуд.
Интерактив мулоқот жараёнида бир қатор ёшлар ўз ғоя ва режалари билан ўртоқлашди. Бир қатор ёшлар банк кўмаги орқали тикувчилик, пайвандлаш ва бошқа йўналишларда даромадли фаолият бошлаганликлари ҳақида ўз тажрибаларини тақдим этди.
Тадбир якунида 11 нафар фаол ва ташаббускор ёшлар рағбатлантирилиб, уларга даромадли бизнес бошлашлари учун банк томонидан асбоб-ускуна ва дастгоҳлар топширилди.
Мазкур маърифий тадбир ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг бандлигини таъминлаш, тадбиркорлик салоҳиятини ошириш ва жамиятда фаол иштирокини кенгайтиришга хизмат қилади.
[gallery-28824]
“Ўзмиллийбанк” акциядорлик жамияти бундан буён ҳам ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг ташаббусларини рўёбга чиқариш ва барқарор даромад манбаларини яратишга қаратилган ишларни изчил давом эттиради. Буларнинг барчаси мамлакатимизда ёшлар давлат ва жамиятнинг доимий эътиборида эканининг амалий намунасидир.
Назокат Усмонова,
Носиржон Ҳайдаров (сурат), ЎзА