Ҳажвий йўналишнинг камтарин устаси
Муродбой Низанов ижодининг ўзига хослиги миллийликни замонавий ҳажв (сатира) билан маҳоратли тарзда бирлаштира олишида намоён бўлади. Муаллиф сатира ва юмор жанрида илгари айтилмаган «янги фикрлар» (тың пикирлер) билан адабиётга кириб келган. Унинг асарларида кулги шунчаки кўнгилочар восита эмас, балки ижтимоий муаммоларни очиб берувчи ўткир қурол вазифасини ўтайди.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида атоқли қорақалпоқ адиби, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими, Қорақалпоғистон халқ ёзувчиси, Бердақ мукофоти ҳамда “Дўстлик” ордени соҳиби Муродбой Низанов таваллудининг 75 йиллигига бағишланган адабий анжуман ўтказилди.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Саййид Муродбой Низанов умрини ижодга бағишлаган заҳматкаш ижодкорлардан эканини таъкидлади.
- Президентимиз барпо этган “Адиблар хиёбони”да қорақалпоқ ижодкорларининг ҳам ҳайкаллари қад ростлаб турибди, — деди Ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Саййид. — Бу масканлар адабиётнинг файзли гўшасига айланди. Шунингдек, “Ақчакўл илҳомлари” адабий фестивалининг тиклангани мамлакатимизда адабиётга бўлган эътибор намунасидир. Муродбой оға Низанов ўз ижоди билан ёшларга ибрат бўлаётган устозлардан саналади. Унинг ёзганлари жамланган “Танланган асарлар” китоби чоп этилиши Муродбой оға ижодини кенгроқ тарғиб этишга хизмат қилади.
— Муродбойни 70-йиллардан “Муштум” журналида ишлаб юрган пайтларидан буён яхши биламан, — деди устоз журналист, “Жаҳон адабиёти” журнали бош муҳаррири Аҳмаджон Мелибоев. — Ёзганларини Қорақалпоғистондан юборарди асосан. Назаримда ҳар бир ижодкор адабиётга нимадир олиб кириши керак. Муродбой адабиётимизга қорақалпоқ халқининг урф-одатлари, анъаналари, турмуш тарзини оддий, қизиқарли, ҳаётий тарзда олиб кирди. Муродбойнинг қаҳрамонлари орасида биронтасида тўқима образ йўқ. Унинг “Танка” асари ҳақиқий маънода танк бўлиб отилган асар. Зеро, асар ҳаётдан олинган бўлса, унинг умри узоқ, бардавом бўлади.
Дарҳақиқат, Муродбой Низанов асарларида оддий халқ вакилларининг тилидан, лаҳжаларидан ва ўзига хос феъл-атворидан фойдаланади. Бу эса унинг қаҳрамонларини китобхонга жуда яқин ва ишонарли қилади.
Адиб ўз ижодида роман-эссе жанрига ҳам мурожаат қилгани эътиборга сазовор. Ёзувчи нафақат кичик ҳажвиялар, балки салмоқли насрий асарлар ҳам яратган. Масалан, унинг “Қорақалпоқлар” роман-эссеси (2020) халқнинг тарихи, маданияти ва миллий кимлигини бадиий ва ҳужжатли тарзда акс эттириши билан аҳамиятли.
Фалсафий теранлик ва психологизм йўналишидаги “Охират уйқуси” каби асарларида инсон руҳиятининг энг нозик қирраларини, виждон азоби ва ҳаёт мазмуни каби фалсафий мавзуларни чуқур психологик таҳлил қилади.
Муродбой оға ижодида жанрлар хилма-хиллиги яққол кўзга ташланади. Унинг ижоди ҳикоя, қисса (масалан, “Ақчагул”, “Икки қонхўр”), роман ва ҳатто драматик асарларни қамраб олган бўлиб, ҳар бир жанрда ўзининг индивидуал услубини сақлаб қолган.
Адабий анжуманда эътироф этилганидек, Муродбой Низанов — замонавий қорақалпоқ адабиётида ҳажв мактабини юксак босқичга кўтарган ва миллий қадриятларни замонавий воқелик билан боғлай олган адиб.
[gallery-28826]
Анжуманда адиб ижоди ҳақида батафсил сўз юритилди. Унга Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг совғалари топширилди.
Назокат Усмонова,
Аслиддин Алижонов(сурат), ЎзА