Ёшлар – соҳа тараққиётининг таянчи
Мамлакатимизда ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг билим ва салоҳиятини юрт тараққиёти йўлида самарали сафарбар этиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланган.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ташкилот ва корхоналар раҳбарларининг ёшлар билан очиқ мулоқотлари йўлга қўйилгани эса иқтидорли, ташаббускор ва замонавий фикрлайдиган кадрларни тарбиялашда муҳим аҳамият касб этмоқда. Бундай учрашувлар ёшларнинг фикр ва таклифларини эшитиш, уларнинг муаммоларига ечим топиш, энг муҳими, билимли ва ташаббускор авлодни мамлакатимиз ислоҳотларининг фаол иштирокчисига айлантиришга хизмат қилмоқда.


Ана шундай мулоқотлардан бири “Ўзсувтаъминот” акциядорлик жамиятида бўлиб ўтди. Унда жамият бошқаруви раиси вазифасини бажарувчи Аҳмад Сувонқулов, Жаҳон банки лойиҳа раҳбари Одете Муксимпуа ҳамда ичимлик суви таъминоти, оқова сув тизимлари ва экология йўналишларида хорижий олий таълим муассасаларида таҳсил олган битирувчилар ва ёш мутахассислар иштирок этди.
Мулоқот давомида соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар, ёш кадрларнинг касбий ривожланиши, уларнинг билим ва салоҳиятидан самарали фойдаланиш масалалари муҳокама қилинди. Шунингдек, бугунги кунда тизим корхоналарида фаолият юритаётган ёшларнинг ютуқлари эътироф этилар экан, яна бир қатор мутахассисларни Жаҳон банки иштирокида амалга оширилаётган инвестициявий лойиҳаларга жалб этиш режалаштирилаётгани таъкидланди.


Учрашувда ёшларнинг таклиф ва ташаббуслари тингланиб, уларни амалиёт билан уйғунлаштириш, замонавий технологияларни жорий этиш ҳамда инновацион ёндашувларни кенг қўллаш юзасидан фикр алмашилди.
Аҳмад Сувонқулов ёш мутахассислар билан ишлаш, уларга касбнинг барча нозик жиҳатларини ўргатиш ва ўз тажрибасини улашишга доимо тайёр эканини билдириб, уларнинг келгусида ичимлик суви таъминоти ва оқова сув хизматлари соҳасининг етакчи мутахассислари бўлиб етишишларига ишонч билдирди. Шу билан бирга, ёшларни мавжуд имкониятлардан унумли фойдаланишга, билим ва малакаларини мунтазам ошириб боришга ҳамда мамлакат тараққиётига муносиб ҳисса қўшишга чақирди.
Бундай учрашувлар ёш кадрларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг касбий салоҳиятини рўёбга чиқариш ҳамда соҳа учун рақобатбардош, замонавий фикрлайдиган мутахассисларни тайёрлашда муҳим аҳамият касб этмоқда. Зеро, мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг муваффақияти билимли, ташаббускор ва юрт тақдирига дахлдорлик ҳисси билан яшаётган ёшларга кўп жиҳатдан боғлиқдир.
Нилуфар Бозорова, ЎзА